Ким бўлсанг ҳам энг яхшиси бўл!

Инсон ҳаётида муваффақиятга эришишни, соҳасида энг яхшиси бўлишни орзу қилади. Аммо фақат орзулар билан кўзланган марраларни забт этиб бўлмайди. Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилиш, доимо ўз устида ишлаш, ўрганиш ва ривожланиш керак. Қайси касбни ёки ҳунарни танлашингизнинг аҳамияти йўқ, муҳими, интилишдир.

Аввало, мақсадига интилиб яшаш инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади. Йўлида учраган қийинчиликларни енгиб ўтишга уринади. Яхши мутахассис бўлиш нафақат ўзингиз учун, балки жамият учун ҳам фойдали. Ўз ишининг устаси бўлган инсон бошқаларга ўрнак бўлади, уларни илҳомлантиради. Ишончингизни сидқидилдан ва гўзал амалга оширсангиз бу ҳунар сизга обрў-эътибор, ҳурмат ва молиявий мустақиллик беради. Демак, гап касбда эмас, уни тутган кишида экан.

Рақобат, ҳасад ва муваффақиятсизликлар инсон руҳини тушириши мумкин. Лекин бу қийинчиликлардан қўрқмаслик керак. Қийинчилик - бу ўсиш ва ривожланиш учун имкониятдир. Уларни енгиб ўтиш учун сабр-тоқатли бўлиш, ўз устида ишлашда давом этиш лозим. Иродаси мустаҳкам матонатли инсонгина ривожланишдан ва ўз устида ишлашдан чарчамайди.

Бунинг учун, аввало, инсон олдига мақсад қўйиши керак. Баланд марраларни кўзлашдан ҳеч ҳам чўчиманг. Шунчаки, ўқитувчи бўлишни эмас, энг яхши педагог бўлишни, оддий дурадгор бўлишни эмас, қўлигул уста бўлишни орзу қилинг. Иккинчидан, ҳар бир қадамингизни ўйлаб, аниқ режа асосида ҳаракат қилиш зарур. Учинчидан, муваффақият осонликча келмайди, у доимий ҳаракат ва сабр-тоқат талаб қилади. Тўртинчидан, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш зарур.

Ўз соҳангизга борингизни беришга тайёр бўлганингиздагина муваффақият эшиклари очилади.

Маҳлиё Аҳмадова,

Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабаси.