Ким судья бўлиши мумкин?
Президентимиз жорий йилнинг 6 январь куни "Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Мазкур қарор қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Қарор билан судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида судьялар олий мактаби ташкил этилди.
Мактабда грант асосида бир йиллик магистратура таълими жорий қилиниб, номзодларни қабул қилиш 2019-2020 ўқув йилидан бошланиши белгиланди. Бу ишлар фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида, Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга оширилади. Судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб, фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланади. Унгача судьяларни дастлабки муддатга тайинлашнинг амалдаги тартиби 2019-2020 ўқув йили тугагунга қадар сақлаб қолинади. Келгусида бу ўқув даргоҳи судьялар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиниши ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини таъминлашга хизмат қилади.
Отабек МАЖИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.