Кўп қаватли уйга печка қуриб бўлмаса, уйни қандай иситамиз?
Кейинги кунларда ҳаво ҳарорати каби табиий газ босими ҳам пасайиб кетди, электр энергияси етказиб беришда тез-тез узилишлар кузатилмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам бундай масалалар билан коммунал хўжалик идораларига, ҳокимликларга мурожаат қилувчилар кўпайди. Ижтимоий тармоқларда ҳам асосий эътибордаги, муҳокамадаги мавзу шу: “бу газга чой қайнамайди”, “икки ойлик гўдак совқотиб қолди”, “яна ўтин ва кўмирга ўтамизми?”, “кўп қаватли уйга печка қуриб бўлмаса, уйни қандай иситамиз”, “депутатлар нега жим?”...
Дарвоқе, депутатлар ҳақида. Кеча Самарқанд шаҳар кенгаши депутати билан бир тадбирда қатнашдик. Қўл телефонига тинимсиз қўнғироқ бўлавергани, у эса четга ўтиб узоқ вақт гаплашиб қолаверганидан кейин ким бунча безовта қилаётганини сўрадим.
– Икки кундан буён аҳвол шу – сайловчилар қўнғироқ қилиб, уйимизда газ босими пасайиб кетди, свет ўчяпти, сизни депутатликка сайлаганмиз, нега бунинг чорасини кўрмайсиз, деб сўрашяпти, – деб қолди.
– Ростдан ҳам нима чора кўряпсиз? – дедим мен ҳам қизиқиб.
– Нима қилардим, аҳолининг талабини мутасаддиларга айтдим, аммо фойдаси кам. Муаммолар бир-бири билан боғланиб кетган. Шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг аксариятида иситиш тизими ишламайди, иссиқ сув берилмайди. Оқибатда одамлар, хавфли бўлса-да, уйининг газ плитасини ёқиб қўйиб ёки иситиш печларидан фойдаланишга ҳаракат қилади.
Тасаввур қилинг, ҳар битта хонадонда газ плитасининг тўртта кўзи туну кун ёниб турса, газни етказиб бўладими, босим пасайиб кетади. Ҳамма хонадонга газ етиб бормайди. Кейин одамлар электр иситиш мосламаларидан фойдаланади. Бу ҳам ортиқча зўриқишни келтириб чиқаради, тармоқда авариялар кўпаяди. Охир-оқибат, газ ҳам, электр ҳам йўқолади. Бунақа пайтда одамларга буни тушунтириб бўлмайди, эшитишни ҳам истамайди. Қандай бўлмасин, уйни иситиш керак. Ҳовлида яшайдиганлар ўтин, кўмир ёқиб, вазиятдан чиқишга ҳаракат қилади. Аммо кўп қаватли уйларда яшовчиларга қийин. Ўзим ҳам кўп қаватли уйда тураман, биласизку...
Шу гап баҳона бўлиб, таниш-билишлардан уйни қандай иситаётганликларини сўрадим. Шаҳарда яшовчиларнинг кўпчилиги газ плитаси ёки электр печидан фойдаланаётганини айтди. Самарқанд шаҳрининг эски шаҳар қисмида ва Самарқанд тумани билан чегарадош ҳудудларидаги ҳовлиларда яшовчилар ўтин ва кўмирдан фойдаланишларини, овқат пишириш учун эса суюлтирилган газ берилишини айтишди.
– Қиш аввалида газ етказиб берилмаслигини айтишади ва бунга ўрганиб ҳам қолганмиз, ўтин, кўмир ғамлаб қўямиз, – дейди Самарқанд шаҳар Мўлиён маҳалласида яшовчи Т.Солиев. – Маҳалла томонидан ажратиладиган кўмир олсангиз нархи арзон, лекин сифати унчалик яхши эмас. Шу кеча-кундузда кўчада сотилаётган кўмирнинг бир тоннаси 1 миллион 500 минг сўм. Ўтиннинг ҳам нархи ҳозир осмонда, биз ёз, куз ойларида олиб қўйганмиз.
– Ҳозир катта юк машинадаги ўтинни 2-3 миллион сўмга оласиз-да, – дейди Самарқанд туманида яшовчи А.Жалолов. – Кеча бир “Газ-24 машинасида ортиб қўйилган ўтиннинг нархини сўрадим. 500 минг сўм деди. Чиқса 200-300 кило чиқади-да. Бизку ўтин сотиб олмаймиз, ўзимизнинг дарахтларни бутаймиз, қуриганларини кесамиз, кўмир оламиз. Лекин мажбур бўлгандан кейин сотиб оладиганлар ҳам кўп.
Ҳа, ўтин сотиб оладиганлар кўп. Лекин бу ўтинни ким, қаердаги дарахтларни кесиб олиб келди? Бу билан ҳеч бир харидор қизиқмайди. Гарчи, 2019 йил 1 ноябрдан дарахтларни кесишга қарши мораторий эълон қилинган бўлса-да ноқонуний равишда дов-дарахтларни кесиш ҳолатлари учрамоқда.
– Ўтган йил 1 ноябрдан йил якунига қадар 32 та қоидабузарлик, жумладан, мораторий киритилган дарахтларни кесиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, қоидабузарларга жами 35 миллион сўм жарима солинди, – дейди Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назорат инспекцияси давлат назоратчиси Ш.Инназаров. – Бу йил эса ҳозиргача 6 қоидабузарлик бўйича табиатга 54 миллион сўм зарар етказилгани аниқланиб, жавобгарларга қарийб 7 миллион сўм жарима тайинланди. Гап бу ўринда фақат жаримада эмас, аввало халқимизнинг экологик маданиятини оширишимиз, табиатга муносабатини ўзгартиришимиз керак. Ҳар дарахтнинг атроф-муҳит мусаффолиги, инсон саломатлигини сақлашда қанчалик аҳамиятли эканлигини англасак, юқоридаги каби ҳолатлар анча камаяди.
Самарқанд “Ҳудудгаз” масъулияти чекланган жамияти “Самарқандтумангаз” филиали томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бугунги кунда тумандаги 72 маҳалланинг 41 тасига табиий газ етказиб берилмоқда. Лекин бу маҳаллаларда ҳам барча хонадонларда табиий газ босими яхши деб бўлмайди. Шу сабабли тумандаги 62 маҳалладаги табиий газ етиб бормаган ҳамда газ босими етарли бўлмаган 29 мингдан ортиқ хонадон эгалари маиший газ баллонларидан фойдаланади.
Ғолиб ҲАСАНОВ.