Кўрганларим ва кузатганларим: Сафар, тафаккур ва илҳом манбаи

«Юрган дарёдир», дейишади. Ҳақиқатан ҳам, инсон ҳаракатда, сафарда, янги муҳит ва одамлар орасида бўлганида ўзини қайта кашф этади. Жорий йил давомида хизмат сафари билан Озарбайжон, Англия, Афғонистон ва Туркия давлатларида бўлиш бахти насиб этди.

Бу сафарлар орқали турли жамиятлар, муваффақиятли компаниялар фаолияти, янги маданият, тарих ва замонавий воқеликлар билан яқиндан танишдим. Сафарлар инсонни доимо ўрганишга, оқар сувдек фаол ва ҳаракатчан бўлишга ундайди. Ана шундай сафарлардан бири — ноябрь ойидаги Туркия сафари менда алоҳида таассурот қолдирди.

Технология ва маънавият уйғунлиги

Туркияга сафар чоғида “CANTEK” компанияси фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Компания менежерлари иш жараёнлари, юқори даражадаги технологиялар ва корпоратив маданият ҳақида сўзлар экан, онгимда беихтиёр компания раҳбарининг сиймоси шакллана бошлади. Тасаввуримда у бир вақтнинг ўзида иқтидорли тадбиркор, чуқур технологик билимга эга мутахассис сифатида гавдаланарди.

Компания деворларида осиғлиқ, инсонга шижоат ва мотивация бағишловчи, аммо муаллифи кўрсатилмаган ҳикматли сўзлар эса бу сиймони янада бойитди. Уларда сўзга, маънавият ва маърифатга ошно, юзи нурли бир инсон қиёфаси намоён бўларди.

Якунда компания раҳбари ва асосчиси — олим ва тадбиркор Жан Ҳакан Каража билан учрашдик. Учрашув давомида шаклланган барча тасаввурларим ҳақиқат бўлиб чиқди. У киши:

Ўзим ҳам, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси ҳам қилаётган ишини чин дилдан севиб, шижоат билан бажарса, муваффақият осон келмаса-да, албатта келади, - деган ҳаётий қоидага амал қилишларини таъкидлади.

Орзуга айланган маънавий макон

Хайрлашиш арафасида у киши: «10 дақиқа вақтингизни олишга рухсат беринг», дея бизларни алоҳида бир хонага бошлади. Бу хона — зиё ва нурга тўла, деворларини Жалолиддин Румий ва Юнус Эмренинг маънавий мерослари безаб турган бетакрор макон эди.

Жан Ҳакан Каража ушбу хонани компания қошидаги “Илм, маданият ва таълим вақфи” орқали амалга оширганини, Туркиянинг машҳур хаттот рассоми Туран Севгили ва бадиий безак устаси Ёнжа Эражар Бажакни бир жамоага бирлаштириб, ҳаёти давомидаги энг катта орзуларидан бирини рўёбга чиқарганини ҳаяжон билан сўзлаб берди.

Тадбиркорлик йўли ва жаҳон миқёсидаги лойиҳалар

Жан Ҳакан Каража 1964 йил 22 январда туғилган. У Тракия университетининг машинасозлик муҳандислиги бўлимида таҳсил олган. 1991 йилда Анталия шаҳрида икки нафар хизматдош дўсти билан совутиш жиҳозлари ишлаб чиқаришни бошлаган. 1996 йилда эса “CANTEK” компаниясига асос солинган.

Бугунги кунда “CANTEK” компанияси дунёнинг 75 та мамлакатида қуйидаги йўналишларда 15 мингдан ортиқ лойиҳани амалга оширган:

- совутиш технологиялари (совутиш ускуналари ва омборлар),

- гўшт саноати технологиялари (кушхона ва гўштни қайта ишлаш корхоналари),

- шаҳар озиқ-овқат омборлари,

- қор парклари ва муз майдонлари,

- “Agriculture 4.0” концепцияси асосида 24/7/365 режимда ишловчи органик ўсимлик фабрикалари.

Жан Ҳакан Каража Туркияда бир неча бор “Йил тадбиркори”, “Энг муваффақиятли ишбилармон”, “Йилнинг креатив экспортчиси” каби нуфузли мукофотларга сазовор бўлган.

Илҳом, саёҳат ва маънавий боғлиқлик

У инсон денгиз саёҳатларини жуда яхши кўради. 2010 йилда у турк альпинистлари Насуҳ Маҳруқий ва Йилмаз Севгулнинг Эверест экспедициясига ҳамда денгизга шўнғиш бўйича жаҳон рекордчиси Ясемин Далкилиж иштирокида суратга олинган “Дунёнинг ажойиб шўнғишлари” ҳужжатли фильмига ҳомийлик қилган.

Афғонистон сафари чоғида Мозори Шариф шаҳрида ўтган ўзбек-афғон тадбиркорлари мулоқотида танишган, БАА ва Германияда ҳам бизнес фаолияти олиб бораётган йирик афғон тадбиркори билан бўлган суҳбат эса яна бир маънавий боғлиқликни эсга солди.

У киши Жалолиддин Румий асарларини кўп мутолаа қилишини ва улуғ мутафаккирнинг айнан Балх вилояти, жумладан Мозори Шариф заминида туғилганидан ғоятда фахрланишини таъкидлаган эди.

Хулоса ўрнида

Бу учрашувлар, сафарлар ва кузатувлар яна бир бор шуни англатдики, ҳақиқий муваффақият — фақат технология ёки капиталда эмас, балки маънавият, билим ва ишга бўлган муҳаббат уйғунлигидадир. Ана шундагина тадбиркорлик ҳам, ҳаёт ҳам мазмун касб этади.

Шерзод Сувонқулов.