Коронавирус: Бугунгача дунёдаги вазият
Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси берган маълумотга кўра, мамлакат ичида бугунги кунга қадар 80778 нафар (10 март ҳолатига – 80754 киши) касалга чалинганлар қайд этилган. Сўнгги бир суткада ХХР ҳудудида 24 нафар янги касалланганлар аниқланган. SCMP (South China Moring Post) нашрининг ҳисоботида таъкидланишича, коронавирус билан касалланганлар сони дунё бўйлаб 117769 нафарга етган (10 март ҳолатига – 113358).
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) берган сўнгги маълумотга кўра, Хитой ҳудудидан ташқарида бугунги кунга қадар 32778 (10 март ҳолатига 28673) нафар касалланганлар, кейинги суткада эса 4105 нафар янги касалланиш ҳолатлари аниқланган. Коронавирус билан касалланиш ҳолатлари 109 (10 март ҳолатига 104) мамлакатда қайд этилган. Хитой ҳудудидан ташқарида 872 нафар (10 март ҳолатига 686) одам касаллик оқибатида вафот этган.
Жами: 4293 нафар инсон ҳалок бўлган (10 март ҳолатига - 4009).
Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони дунё бўйлаб 65.8 мингдан (10 март ҳолатига 60 мингдан зиёд) ошган (SCMP маълумоти).
Москвада коронавирус хавфи туфайли 10 апрелга қадар оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланди. Шу жумладан, 5 минг кишидан ортиқ иштирокчи иштирок этадиган спорт тадбирлари ҳам.
Россия 10 мартдан бошлаб Мўғулистон билан темир йўл алоқаларини вақтинча тўхтатди.
Туркия ва Боливияда дастлабки коронавирус ҳолатлари қайд этилди. Туркия фуқароси Марказий Европа давлатларида бўлиб қайтганидан сўнг касалликка чалингани айтилмоқда. Боливияда Италия сафаридан қайтган икки нафар аёлда касаллик аниқланган.
Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Надин Доррис COVID-2019 туридаги коронавирус юқтирганлиги аниқланди. Дорриснинг сўзларига кўра, таҳлил натижалари чиққанидан сўнг у зарурий чора-тадбирларни кўрган ва ўзини ўзи карантинга олган.
Хитой коронавирус билан курашиш учун Италияга инсонпарварлик ёрдами жўнатишга ваъда берди.
“Хитой бугунги кунда ҳам зарурий тиббий воситаларга эҳтиёж сезаётган бўлишига қарамасдан, биз барча қийинчиликларни енгиб, Италия учун ниқоб ва бошқа тиббий воситалар ажратамиз, шунингдек, Италияга жуда зарур бўлаётган тиббий воситалар ҳажмини ошириб борамиз”, дея таъкидлади ХХР ташқи ишлар вазири Ван И.