Коронавирусдан кейин йўтал ва ўпкада оғриқ сақланиб қолишига мутахассис изоҳи

➖ Коронавирусли пневмонияни юқтирдим. Ўпкамда 30 % зарарланиш бор. Хусусий клиникада даволаниб, уйга чиқдим. Негадир йўтал қолмаяпти, орқа тараф ўпкада ҳам оғриқ бор. Яна даволанишим керакми ёки вақт ўтса, бу белгилар ўтиб кетадими?

4 маҳал гепарин, 2 маҳал дексаметазон, аскорбин кислотаси, 2 маҳал цефипим антибиотикларини олдим.

Ушбу саволга АОКА залида бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:

➖ Сиз коронавирус касаллигини ўртача оғирликда ўтказгансиз. Шу боис шифохонада даволаниш тартиби белгиланган бўлса, сиз ўзингиз танловингиз асосида хусусий клиникада даволанган бўлсангиз керак.

Даволаниш жараёнида олган дори воситаларингиздан сиздаги ҳолат сал оғирроқ кечган ва йўтал зўрайиши, орада ҳансираш, шу билан бирга қон қуюлиши ҳам кузатилган.

Бугунги кундаги ҳолатингиз касалликдан қолган қолдиқ ҳолат, яъни ўпка жароҳатланиши 30 % дедингиз. Бу ҳолат 1 ҳафта даволаниш билан тузалиб кетмайди. Аслида, бирор аъзо жароҳатланса, унинг қайта тикланиши учун кўп муддат талаб этилади.

Шу боис бундай ҳолатларда организм тикланиб олгунига қадар шифокор назоратида реабилитация муолажаларини, яъни табиий усуллардан фойдаланган ҳолда организм тикланишига ёрдам бериш, физиотерапевтик муолажалар олиш, керак бўлса, қўшимча гиёҳлар, витаминлар ва микроэлементлар қабул қилиш, тўғри ва соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни секин-аста кўпайтириш тавсия этилади. Бу борада сиз учун нафас машқларини кунига 5-6 мартадан бажариш катта ёрдам беради.