Коронавируснинг кириб келиши кутилмаган муаммоларни юзага келтирмоқда
Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатда карантин эълон қилинди. Бу даврда эса озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги ёки нарх-наво ошишига йўл қўйилмайди, дейилганди. Аммо айрим ҳолларда туманларда бунинг аксини кузатяпмиз.
Жумладан, Пайариқ туманидаги кўплаб савдо нуқталарида энг арзон ҳисобланган Жомбой унини топиш амримаҳол бўлиб қолди. 130-140 минг сўмга харид қилиш мумкин бўлган мазкур ун маҳсулотлари дўконларга келиши билан баъзи "уддабурон" ёки олиб-сотарларнинг "хирмонига" тушаётганга ўхшайди.
Бундай дейишимизга асос бор. Яқинда ун олиш учун туман маркази ва Челак шаҳарчасидаги бир нечта дўконларни кўздан кечирдик. Аммо нархи 170 минг сўмдан бошланувчи Қозоғистон унларидан бошқасини топа олмадик. Сотувчи эса бу ҳолатни "Жомбой уни арзон бўлгани учун келиши билан тез сотилиб кетяпти", дея изоҳлади.
Сўраб-суриштирувларимиз чоғида туман марказидаги хонадонларга арзон унлар тарқатилганидан хабар топдик. Туман мутасаддиларига теккан касаллик бу. Гўёки, марказдан бошқа ҳудудларда одамлар яшамайди. Қишлоқда яшаганим боис бу ерда яшовчи одамларнинг ҳаёт тарзи, муаммолари менга нотаниш эмас.
Мансур БЕК.