Ковидни мавсумий гриппдан қандай ажратса бўлади?

➖ Фарзандимда бир-икки кун бурни оқди, иситмаси йўқ. 2 кундан буён эрталаб соат 5-6 ларда балғамли йўтал тутади, тўлиқ балғамни чиқариб ташлаб яна ухлаб қолади. Ковид шундай бошланиши мумкинми?

Ушбу саволга АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:

➖ Болада дастлабки 1-2 кун кузатилган бурун оқиши, қисқа йўтал даврида организмига бошқа бир ўткир респиратор вирусли инфекция тушган бўлиши, унга нисбатан бола организмида олдинги йиллари иммун жавоб ҳосил бўлгани боис, бу сафарги вирус билан болани организмини учрашувида касалликни енгил ўтказаётгани, лекин шундай бўлса-да, мазкур вирус бронхит кўринишидаги асоратланганини кўрсатмоқда.

Ковид касаллигидан фарқли ўлароқ, бугунги кунда болангиз касаллиги 5-6 кун бўлса-да, оилада бошқаларда касалликнинг аломатлари пайдо бўлмаганлиги ҳамда ковид беморлари бўлганлар билан мулоқотда бўлмаганлиги КОВИД касаллигига ўхшамаётганлигидан далолат.

Шундай бўлса-да, КОВИД касаллигини тасдиқлаш мақсадида шифокор кўрсатмасига кўра антигенни аниқлаш учун ПЗЦР ёки экспресс тест топшириб аниқлик киритиш мумкин.

Бронхит касаллиги – бронхлар шиллиқ қавватларининг яллиғланиши бўлиб, вирус ёки бактерия ёки замбуруғлар сабабли келиб чиқади. Ундан ташқари, кўп ҳолларда аллергик омил (дорилар, турли хил кимёвий воситалар ва ҳоказолар) таъсирида кузатилиши, шу билан бирга катталарда кўп чекиш оқибатида ва касб касаллиги сифатида (асоратланган бронхит)лар кўринишида ҳам учраши мумкин.

Бронхит аломатлари касаллик бошланишида келиб чиқарувчи омилларга боғлиқ бўлиб, болаларда кўп ҳолатда бу ЎРВИ вируси организмга тушиб томоқ, ҳиқилдок, трахея ва бронх йўлларини шиллиқ қавватларини зарарлаши оқибатида келиб чиқади.

Мазкур ҳолатда кўпроқ зарарланиш трахея ва бронхларда кузатилмоқда. Шу боис эрталаб тонги 4-7 га қадар инсон организмида ўпка ва нафас йўлларининг қон билан таъминоти кучайиши ҳамда фаолияти фаоллашуви даврида шу трахея ва бронх йўлларида йиғилган ёт нарсаларни организм йўтал механизми билан ташқарига чиқариб ташлашга уринади.

Фарзандингизда балғам эрталабки соат 5-6 ларда йўтал билан ажралиб чиқиши кузатилмоқда. Мазкур ҳолат боланинг организмида иммун тизимининг ҳолатига боғлиқ, бу тонги йўтал маълум бир даврда (7 кундан 14 кунгача оралиғида) ўтиб кетади.

Агарда болада тана ҳарорати 38 градусдан юқори бўлмаса ва боланинг фаоллиги яхши, иштаҳаси яхши бўлса, дори воситалари керак эмас.

Асосий мақсад, боланинг бронхларида ЎРВИдан сўнгги қолган балғамли ажралмаларни ташқарига чиқариш ва уни бронхларининг тикланишига ёрдам беришдир. Бундай ҳолатда физиотерапевтик муолажалар ҳам ёрдам беради.

Боланинг ҳолати бўйича мактаб шифокори ёки оилавий поликлиникада (УАШ ёки педиатр) шифокорига мурожаат этсангиз мақсадга мувофиқ. Шифокорлар боланинг ҳолатини тўлиқ баҳолаб, қўшимча текширув ва тавсия этиладиган қўллаб-қувватловчи давони фарзандингизга тавсия этадилар.