Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўз касалликларини вақтида даволамаслик оғир оқибатларга олиб келади

Кўз инсон учун энг бебаҳо неъмат, энг муҳим тана аъзоси ҳисобланади. Ахборотнинг тўқсон фоизи кўз орқали қабул қилинади. Кўз касалликларини давоси ҳамда ушбу касалликларни барвақт аниқлаш, олдини олиш масалалари ҳақида ССВ Матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази бўлими мудири, олий тоифали шифокор Дилшод АБДИНАЗАРОВ билан суҳбатлашди.  

— Кўз касалликлари келиб чиқиши наслий бўлиши ҳам мумкин. Наслга, ёшга, жинсга боғлиқ бўлмаганлари ҳам мавжуд. Жаҳон тиббиётида рефракция аномалиялари, (узоқ ёки яқинни яхши кўрмаслик — миопия, гиперметропия, астигматизм), турли кўз жароҳатлари, катаракта, глаукома, пресбиопия (кексайган сари кўришнинг пасайиб бориши) каби касалликлар кўп учрамоқда.

Қолаверса,  экологик мувозанатнинг бузилиши, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида турли кимёвий қўшимчаларнинг улуши тобора ортиб бориши, носоғлом турмуш тарзи кўз касалликлари кўпайишига сабаб бўлади.

Компьютер қаршисида узоқ муддат ўтириш, болаликдан гаджетларга меҳр қўйиш, телевизорни яқиндан томоша қилиш каби одатлар кўз касалликларининг ёшариб боришига хизмат қилади.  

Айниқса, глаукома ногиронликка олиб келувчи оғир, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган кўз касаллиги ҳисобланади. 

Фақат ўз вақтида аниқлаб, тўғри даволанган ҳолда кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин. Аллергик ва вирусли конъюнктивит, компьютер синдроми каби  касалликларнинг келиб чиқишига гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, дори воситаларини шифокор маслаҳатисиз уй шароитида қабул қилиш ҳамда ўз вақтида шифокорга мурожаат этмаслик сабаб бўлмоқда. Масофавий иш кўпайиши натижасида компьютерда узоқ вақт ишлаш ҳам кўриш қобилиятига зарар етказади. Кўриш ўткирлиги анча пасайганда мурожаат этилганда кўриш нерви қайтариб бўлмас ўзгаришларга учраши эҳтимоли юқори бўлади.

— Бу касалликларнинг олдини олиш мумкинми?

— Бундай касалликларнинг олдини олиш учун рационал овқатланиш, жисмоний фаоллик, тозалик, экологик муҳит мусаффолиги, кун тартибини тўғри ташкил этиш, ўз вақтида ҳордиқ чиқариш жуда муҳим. Наслида кўз касалликлари мавжуд бўлган инсонлар 35-40 ёшдан сўнг йилига 2 маротаба кўзларини текширтириб туриши керак. Шундагина касалликлар эрта аниқланади ва уларни самарали даволаш мумкин бўлади.

— Ҳудудларда бу йўналишда ташхис ва даво чораларини олиб бориш қандай ташкил қилинган?

— Дунё тиббиёти офтальмология ва кўз микрохирургияси йўналишида ҳам улкан ютуқларга эришди. Пойтахтимизда, вилоятлар марказлари ва туманларда фаолият юритаётган олтмишга яқин тиббиёт муассасалари ҳамда беш юз элликдан кўпроқ тиббиёт хоналарида бу йўналишда аҳолига юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатилади.

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказининг   маслаҳат-ташхис поликлиникасида кунига бир юз элликка яқин қатнов қайд этилади. Энг илғор диагностика ва даволаш воситалари билан жиҳозланган клиникада йилига олти минг нафардан кўпроқ беморда ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Изланишлар натижасида катарактани даволашнинг олтин стандарти деб ном олган замонавий усуллари, шоҳ пардани кўчириб ўтказиш амалиёти, глаукома, миопия касалликлари, қандли диабетнинг оғир асорати — диабетик ретинопатия каби хасталикларда лазер технологиялари воситасида тиғсиз жарроҳлик амалиётлари жорий этилгани беморларга ёруғ дунёни қайта кўриш имкониятини яратмоқда.

Тиббиёт илмининг бундай янгиликларини ҳудудий тиббиёт муассасаларида ҳам татбиқ этиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида офтальмологларнинг малакасини ошириш учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган. Бундан ташқари, олимларимиз ва шифокорлар режа асосида чекка ҳудудларга бориб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади, жойларда жарроҳлик амалиётлари олиб борилади, маҳорат дарслари уюштирилади.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.