Кучли ғоя ва эзгу мақсад давлат ва халқнинг якдиллиги, ҳамжиҳатлигини таъминламоқда

Бу хулосани мақола индаллосида бежиз келтирмадим. Ҳар қандай жамиятда ўз фуқаролари орзу-умидини англаб етган, дунё майдонида ана шу эзгу ниятлар, мақсадлар рўёби йўлида уларни кучли ғоя остида бирлаштира олган давлатгина қудратли бўлади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда ўтган навбатдаги саммити якунлари Ўзбекистонда бу борада муайян тажриба тўпланганини кўрсатди.

Биз ана шу ҳолатларни нималарда кузатишимиз мумкин?

Биринчидан, Ўзбекистонда ривожланишнинг эволюцион йўли, яъни Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш йўли ҳаётимиздаги муаммоларни изчил ҳал этиш, давлатчилик тизимини мустаҳкамлаб боришга имкон яратяпти.

Иккинчидан, дунё ҳамжамияти билан ҳамкорликка интилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш экспорт салоҳиятмизни оширмоқда.

Учинчидан, бюджет харажатларининг ижтимоий соҳага, ижтимоий ҳимояга йўналтирилиши, хусусан, фан, таълим-тарбиянинг қўллаб-қувватланиши ижтимоий муҳитга жўшқинлик бағишлаяпти.

Тўртинчидан, тадбиркорликка кенг йўл очиш, ишбилармонни ҳимоя қилиш одамларнинг ўз ҳаётини фаровон қилишга интилишини кучайтиряпти.

Бешинчидан, саммитга тайёргарлик мамлакатда ўтказилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида амалга оширилди. Яъни, бунда энг аввало, халқ манфаати, ҳаётимиз фаровонлигини ошириш, Самарқандни халқаро сайёҳликнинг хабига айлантириш мақсади биринчи ўринга қўйилди.

Ўзбекистондаги ана шу очиқ сиёсат ШҲТ давлат раҳбарларининг бу галги саммитга катта иштиёқ билан келишини таъминлади. Негаки, улар глобаллашув шароитида, дунёда қарама-қаршиликлар авж олган бир пайтда бу саммитдан ўз давлатлари учун манфаат кўришга ишондилар. ШҲТнинг Самарқанд саммити дунё ҳамжамиятига фақат ҳамкорлик, самимий рақобат ҳар бир мамлакат тараққиётини таъминлашини яна бир карра исботлади.

Айнан шунинг учун ҳам саммит кутилган натижани берди. Бинобарин, барча давлат раҳбарлари ўз юрти манфаатини кўзлаган ҳолда бу ҳамкорлик ташкилоти сафида янги марраларга эришиш режа ва таклифи билан келди.

Тасаввур қилинг, биргина “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон”, шунингдек, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши бир нечта мамлакатларнинг, Евроосиё минтақасининг ривожланишига хизмат қилади. Ўзбекистон ўртага ташлаган 50 дан ортиқ таклиф ва ғояларнинг ҳар бири томонларнинг манфаатларига мос келди ва ҳаракат учун қабул қилинди.

Яна бир фикрни айтиш керакки, ШҲТ саммитига тайёргарлик жараёни халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон қудратини намойиш этди. Булар бир йил давомида ташкилот аъзолари бўлган давлатлар билан мураккаб келишувлар, лойиҳалар муҳокамаси, янги аъзо ва кузатувчи давлатларни расмийлаштиришгина эмас, балки саммит ўтиши учун жой ва шароитни тайёрлаш билан ҳам бевосита боғлиқдир. Бу иш Тараққиёт стратегияси лойиҳалари билан баравар амалга оширилди. Шу сабабли Самарқандда қисқа муд¬датда “Буюк ипак йўли” сайёҳлик шаҳарчаси бунёд этилди. Ундаги иншоотларда қадимийлик, тарихийлик баробарида замонавий иншоотсозлик ва сайёҳликнинг барча талаблари ўз аксини топди.

Масаланинг яна бир томони бу – халқимизнинг бундай тадбирларга катта иштиёқ билан тайёргарлик кўриши. Мисол учун, кейинги икки йил ичида Конигил қишлоғида, қарийб икки километр келадиган Сиёб ариғи бўйида сайёҳлик маркази барпо этилди. 20 дан зиёд янги меҳмонхоналар қурилди. Абулқосим Фирдавсий, Абу Абдуллоҳ Рудакий кўчаларида иккала машҳур алломалар номи билан майдончалар, Университет хиёбонида Конфуций майдони яратилди. Маърифатпарвар жадидлар – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, буюк оқинлар – Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош ўғли уй-музейлари таъмирланди. Тарихий биноларда иккита музей очилди. Ўнлаб обидаларда зиёрат қилиш учун шароитлар яхшиланди. Кўчалар, йўллар кенгайтирилди, ободонлашди, айниқса, шаҳар кўчалари гулларга бурканди. Сайёҳларга хизмат кўрсатишда янги, замонавий талаблар жорий этилди. Буларнинг барчаси вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик кучи билан амалга оширилди.

Бир сўз билан айтганда, Самарқандда ШҲТ саммитининг муваффақиятли ўтиши ва кўзланган мақсадга эришилиши жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистон қудратини яна бир карра намойиш этди. Давлатимиз раҳбари “Буюк ипак йўли” сайёҳлик маркази ва “Боқий шаҳар” мажмуаси очилишидаги нутқида таъкидлаганидек, энди биз ўз кучимизга ишондик ва бундай улуғ иншоот ва марказларни юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам яратамиз.

Фармон ТОШЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.