Кутиш залидаги ўрмон, учиш-қўниш йўлагидаги поездлар: Дунёдаги энг ноодатий аэропортлар ёки ўзгача кўринишдаги аэропортлар
Шиша ва бетондан қилинган улкан терминаллар, кутиш заллари, кулранг учиш-қўниш йўлаклари…Сунъий ороллардаги халқаро аэропорт, вагонли паровозлар тез юриб ўтадиган аэродром ёки ҳақиқий ўрмонга айлантирилган кутиш зали – бугун дунёдаги энг ноодатий аэропортлар бўйлаб саёҳатга чиқамиз.
Чанги аэропорти, Сингапур. Шаршара, ўрмон ва капалаклар
Чанги ўнлаб марта дунёнинг энг яхши аэропортиунвонини қўлга киритди. Табиат ва атрофдаги технологик дунё уйғунлашган бу ғайриоддий бинодаги марказий терминалнинг кўп қаватли терассалари бўйлаб ям-яшил ўсимликларга эга улкан парк ёйилиб жойлашган. Ундаги нафақат яшил майдонлар, балки капалаклар, қушлар,ойнали лабиринтлар, арқонли иншоотлар ва шиша йўлаклар кишини мафтун қилади.
Чангининг асосий марвариди том остидаги 40 метрли сунъий шаршара ўзининг мафтункор гўзаллигидан ташқари, том остидаги ўрмондаги ҳарорат ва намликни ҳам тартибга солади. Бутун баланд қисми фақат дам олиш масканлари учун ажратилган аэропортнинг ўзи - рўйхатдан ўтиш столлари, багаж бўлимлари ва бошқа барча зарур инфратузилмалар Ер ости даражасида қурилган беш қаватли бинода фаолият юритади.
Кансай аэропорти, Япония. Ёлғиз орол
Кансай - сунъий оролда қурилган дунёдаги биринчи аэропорт. Ушбу қурилиш майдончасини ишонч билан сайёрадаги энг жасоратли ва кенг кўламли лойиҳа деб аташ мумкин. 20 метрчуқурликдаги кўрфазда бир неча йил ичида узунлиги 4, кенглиги 1 километр бўлган сунъий орол пайдо бўлди.
Японияда одамлар ҳар қандай “қўшимча” ер участкасидан оқилона фойдаланишга интилишади ва иложи бўлса бу “бўлакларни” ўзлари яратишади. Айтганча, орол жуда кучли - 1995 йилда у 7 балли зилзиладан, 1998 йилда эса шамол тезлиги соатига 200 километргача бўлган кучли тўфондан омон қолишга муваффақ бўлди.
Гисборн аэропорти, Янги Зеландия. Бу ерда ўзи поездлар етмай турганди...
Агар битта ажойиб ҳолат - учиш-қўниш йўлаги бўйлаб ўтадиган темир йўл (бўлганда ҳам жуда банд) бўлмаганида, Янги Зеландиянинг Гисборн шаҳридаги бу кичик аэропорт ҳақида деярли жуда кам одам билган бўларди.
Поездлар ва самолётларнинг ўзаро боғланиши ҳам жуда қизиқ – кўпинча самолётлар ноқулай аҳволга тушиб қолади ва улар поезднинг кейинги вагонийўлни кесиб ўтгунга қадар парвоз вақтини чўзишиёки қўнаётган бўлса ҳавода айланиб учиб туриб,кутишлари керак. Умуман олганда, бу ерда - ҳаракатларни имкон қадар бир-бирига халақит бермайдиган тарзда ташкил қиладиган темир йўлва парвоз диспетчерларининг иши жуда масъулиятли.
Ядин аэропорти, Хитой. Баланд тоғлардаги учар ликопча
Бу аэропорт дунёдаги энг баланд деб ҳисобланадиганлиги билан машҳур. У Хитойнинг жануби-марказидаги Шарқий Тибет минтақасида 4411 метр баландликда жойлашган. Ядин халқаро аэропорт ҳисобланади ва бутун дунёдан йўловчиларнинг аксарияти сайёҳлар ва зиёратчиларбўлган парвозларни қабул қилади.
Ҳаво бандаргоҳининг асосий диққатга сазовор жойи - улкан учувчи ликопча кўринишида қурилган терминал биносидир. Афсуски, аэропортнинг гўзаллиги сайёҳларнинг кўзига кўринмайди. 4000 метрдан юқори баландликдаги сийрак ҳаво кўпларда бош оғриғини келтириб чиқаради. Учувчилар учун ҳам тортишиш кучи пасайиб, двигателлар ишлаши мураккаблашган бундай шароитда самолётларни қўндириш жуда қийинкечади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.