Куз манзаралари: Кечаги тонг бугунгисига ўхшамайди

Куз тонгларини кузатганмисиз?

Кечаги тонг бугунгисига ўхшамайди. Гўё табиат ҳар кун учун ўзгача бир тонг ҳадя этгандек. Ёз бўйи бир хил тонгга ўрганган кўзлар ҳар куни олдингисига ўхшамаган фусункор тонгнинг гувоҳи, таърифига тил ожиз бўлган ўзгача манзара мафтункори, гўё миллион йилда бир рўй берадиган мўъжизавий кўринишга сазавор бўлгандек.

Азал-азалдан уфқларнинг елкадоши бўлган қорамтир тоғлар юзига ҳарир мато тортилгандек, улар негадир хира тортган, борлиқда узоқ вақтлар кўринмай қолган туманнинг шарпаси бўлса керак, элас-элас кўзга ташланаётган ўта заиф ва симобий рангга ўхшаш номаълум бир тусдаги ҳаво оз вақт ўтиб шаффоф бўладиган умидни уйғотади кўнгилда.

Дарҳақиқат, уфқ бирдан равшанланиб, ҳаво эски булоқ сувидек тиниқлашаркан, ўз шаклига содиқ тоғларнинг таниш қиёфаси бир дам нигоҳда муҳрланади, лекин кўк юзида оҳиста судраган гавдасини муқим тутолмаган булутлар галаси осмонни тоғлар кўтариб турибди, деган гумонга борибми, қирғоққа талпинган қайиқ мисол уфққа томон сузганини кўз илғайди ва беихтиёр диққат кўкка тортилади.

Чархланавериб, эни қари чолнинг ориқ бармоғидек бўлиб қолган ўроқ мисол ой ҳали намоён, лекин ёнидаги қаҳраборанг булутнинг авзойидан қўрқиб, жойида тош бўлиб қолганга ўхшайди. Ёнида ҳали тўлиқ сўниб улгурмаган ёлғиз бир юлдуз эса тўдасидан айрилиб қолган жайрон боласининг илтижо билан боққан митти кўзларини эслатади.

Хўроз қичқириғи. Узоқдан келгани аниқ, лекин қулоққа секин бўлса-да, равон чалинган бу овоз, наинки тонг сукунатининг барҳам топишига, кўкка андармон хаёлларнинг тўзғишига ҳам сабаб бўлади. “Кечикди”, ўйлайсан, кечаги кунларни ёдга олиб, “кечикди”. Илгари тонг отгунча қичқирарди улар. Тонгнинг кундан-кунга кечикиб отаётганига эринчоқ хўрознинг эрта қичқирмагани сабаб, деб ўйлайсан. Этни бироз жунжиктирган нимжон елнинг оёқ судрашини эшитиб, атрофга аланглайсан, гўё уни излаган бўласан. Ел барглар бўйлаб одимлагандек, япроқлардан таниш овоз келади.

Оҳ, ранги сарғайган бир барг бандидан узилди. Елнинг вазни оғирлик қилди унга, кўтаролмади. Узлатга юз тутган баргга қўшилиб, нигоҳинг заминга тушади. Эҳ-ҳе, қанча барглар, бир кечада. Улар устида ҳам ел вазмин қадам ташлагандек, бемадор япроқлар урушда оғир ярадор бўлиб, жон таслим қилаётган аскарлардек титраб-титраб қўяди. Нимагадир ичинг ачийди, ўксинасан, ўкинасан.

Йўқ, нотўғри ўйларга берилдинг дебми, уфқда бўй кўрсатган ёруғлик фақат унга қаратган нигоҳингни эмас, хаёлингни, бутун борлиғингни чулғаб олгандек бўлади.
Елга кўникасанми, ел сенга кўникадими – этинг увишмайди. Аксинча, тану жонинг яйрагандек бўлади. Кузнинг намхуш елларими ёки тонгнинг оппоқ нурларими, англолмайсан, лекин ёқимли, баданингга оромбахш бир нима сингиб бораётганини ҳис этасан, бахт туясан.

Бу куз тонглари ҳадя этадиган саодат.


Хуршид Нуруллаев