Лимондан конфитюр тайёрланади

Лимон дарахти субтропик ўсимлик ҳисобланса-да, бизнинг мамлакатимизда ҳам, айниқса республикамизнинг жанубий вилоятларида табиий шароитда ва бошқа жойларда иссиқхоналарда етиштирилади. 

Лимон меваси таркибида 8 фоизга яқин лимон кислотаси, оз миқдорда қанд, А, В1, В2, В15, С витаминлари, флавонидлар, фитонцидлар, цитостеринлар, ҳар хил минерал моддалар бор. Мевасининг пўстлоғида эса 0,5- 0,6 фоизга яқин эфир мойи бўлади.

Шу сабабли ҳам лимон халқ табобатида меъда, жигар, ўт йўли, шамоллаш, касалликларида фойдаланилган. Айниқса, бугунги коронавирус пандемияси тарқалган кунларда ҳар куни бир стакан лимонли чой ичиш фойдали ҳисобланади.

Замонавий тиббиётда ҳам лимондан кўпгина касалликларни даволашда витамин ва озуқавий толаларга бой маҳсулот сифатида тавсия этилади. Айниқса, қон босими юқори ва қандли диабет касалликларида лимон истеъмол қилиш фойдали. Ҳатто лимоннинг ёқимли ўткир ҳиди ва таъми стресс ҳолатларида ижобий натижа бериши исботланган. Лимоннинг танага ҳам фойдаси катта. Масалан, лимон С ва Р витаминларига бойлиги учун қон томирларини ёт моддалардан тозалаб, қоннинг ўтказувчанлигини таъминлашга катта ёрдам беради. Бу эса лимоннинг ёшлик эликсири эканлигидан далолатдир.

Ана шулардан келиб чиқиб Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти сервис кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан талабаларни жалб қилган ҳолда лимон мевасидан фойдаланиш асосида таркиби бойитилган, функционал мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган инновацион маҳсулотлар яратиш бораси да илмий-тадқиқот ишлари бажарилмоқда. Яъни, мазкур мевадан ҳеч қандай чиқитсиз конфитюр тайёрлаш механизмларини ишлаб чиқдик. Мазкур конфитюр лимондаги мавжуд элементларнинг сақланиб қолиши билан фойдали бўлади. 

Рўзибой НОРМАҲМАТОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, техника фанлари доктори.