Мамлакатимизга қонунга хилоф равишда олиб кирилган учувчисиз учадиган аппаратлар жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига янги норма киритилди. Унга кўра, учувчисиз учадиган аппаратлар (дронлар)ни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди, деб ёзмоқда davletovuz.
Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, – уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
г) баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, – уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, – беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, – саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилинади.