Машҳур француз актёри Алишер Навоий образидан 25 йил ўтиб, Мирзо Улуғбек ролини талқин этади

Француз кино ва театр актёри, драматург ва режиссёр Франсуа Шатто – Самарқанд меҳмони. 70 ёшли саҳна устаси кўп йиллик тажрибасига қарамай, ҳали ҳам ҳар бир ижро устида жонкуярлик ва масъулият билан ёндашар экан.
Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ташкил этилганининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган халқаро тадбирда Франсуа Шатто “Мирзо Улуғбек” спектаклида бош ролни ижро этади. Ушбу спектакль бундан икки йил олдин Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида ўзбек давлат драма театри режиссёри Олимжон Салимов томонидан саҳналаштирилган эди.
- Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси раҳбари Фредерик Брессанд хоним ташаббуси туфайли дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек образини яратиш учун юртингизга келдим, - дейди “Комедии Франсез” театри актёри Франсуа Шатто. - Бу Ўзбекистонга илк ташрифим эмас. 1994 йилда Фредерик хонимнинг таклифи билан Тошкентдаги театрда Алишер Навоий ролини ижро этгандим. Бир неча йилдан сўнг Самарқанддаги Тиллакори мадрасасининг ичида яна бир бошқа спектаклда ўйнашга муяссар бўлгандим. Бу мусиқали асарда Алишер Навоий, Бобур каби алломалар ижоди ҳақида сўз кетиб, шеърий тарзда талқин этилади. Бу ерда Муножот Йўлчиева ва Баҳодир Йўлдошев билан бирга ишладим.
Мирзо Улуғбек образини ижро этишда деярли қийинчиликларга дуч келмаяпман. Чунки сценарий жуда чиройли, содда, равон тилда ёзилган. Бу сценарийни ўқиб, ўзимни шу образда кўра олдим. Мирзо Улуғбекнинг илмий қарашлари, бир вақтнинг ўзида ҳам султон, ҳам астроном сифатида фаолият олиб бориши муракаб психологик жараён. Бунинг қийинчилиги ҳам шунда. Унинг онаси, укалари билан кечган суҳбати ўша қийинчиликни менга ҳис қилдира олди.
“Комедии Франсез” театри актёри етмиш ёшида буюк алломамиз Мирзо Улуғбекни ижро этиш учун юртимизга келиб, актёрлар билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани унинг жасорати, юртимизга, аждодларимизга бўлган ҳурмати ифодасидир.
Насиба Жонтўраева.