Мастликнинг мудҳиш оқибатлари

Мудҳиш жиноят содир этилган тунда Иван Шокирнинг уйида меҳмон эди. Икковлон бирга овқатланиб, роса ичишди. Оғзи қизиган қўшнилар турли латифа ва ҳангома айтиб, бир-бири билан ҳазиллашди. Лекин бу пайтда улар мастлик туфайли нима деяётгани ва хатти-ҳаракатларини ҳам унутиб қўйганди. Оқибатда қўшнилар ўзаро гап талашиб, ёқалашиб кетди. Қизиққон Шокир эса қўлига пичоқни олиб, Иванга ташланди. Икки қўшнининг ширингина суҳбати ичкилик туфайли қотиллик билан тугади.

Паст Дарғом туманидаги Тинч­лик маҳалласида шу ерда яшовчи Миршод ва Фарҳоднинг ўзаро келишмовчилиги туфайли нотинчлик юзага келди.

Жорий йилнинг 8 февраль куни кечқурун улар бирга улфатчилик қилиб, мастлик оқибатида жанжаллашиб қолади. Фарҳодга нисбатан ёш ва анча эпчил бўлган Миршод уни аёвсиз дўппослаб, оғир тан жароҳатлари етказади. Натижада Фарҳод воқеа жойида вафот этади.

Ичкиликка ружу қўйиш, спиртли ичимликнинг инсон руҳияти, хул­қига салбий таъсири оқибатида юзага келаётган жиноятлар ёки бу иллатнинг оилалар, инсонлар тақдирини ўзгартириб юбораётгани ҳақида кўп мисоллар келтириш мумкин. Ён-атрофимизда, маҳалламизда содир бўлаётган бундай ҳолатларга баъзида эътибор қаратсак, кўп ҳолларда "Менга нима, ичса ичибди-да, қилмишига яраша жазосини олади", деб бепарволик қиламиз. Ҳолбуки, маҳалламиздаги битта нохуш ҳолат, нотинчлик бутун маҳалла аҳли кайфиятига, ҳудуддаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Арзимасдек туюлган гап-сўз ва жанжаллар вақт ўтиб, катта кўнгилсизликларга сабаб бўлиб қолади.

– Йилнинг етти ойида вилоятимизда содир этилган жиноятларнинг 33 таси мастлик оқибатида юзага келган, – дейди Самарқанд вилояти ички ишлар бош­қармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Р.Раҳимов. – Жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва у билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар эса 19 минг 643 тани ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 мингтага кўп демакдир. Яъни, эндиликда мастлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларга эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг белгиланмаган жойларда спиртли ичимликлар ичишининг олдини олиш, бу борадаги ҳуқуқ­бузарликларни аниқлаш ва маъмурий чоралар кўриш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Кўп ҳолларда фуқароларнинг тунги вақтда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда турли ҳуқуқбузарлик ёки жиноятларга қўл ураётгани кузатилмоқда. Шу сабабли айни пайтда юртимизда тунги вақтда спиртли ичимликлар савдосини тартибга солиш, бу борада амалдаги қоидаларни ўзгартириш юзасидан билдирилаётган таклифлар асосида ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

F.ҲАСАНОВ.