Масъулият олмаган масъуллар ёхуд маданий мерос объектлари муҳофазаси қоғозда бўлмаслиги керак

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, ташкил этилган моддий маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш, ўз ҳолича сақлаш ва келажак авлодга етказиш мақсадида жамоатчи инспекторлар фаолияти йўлга қўйилган.

“Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспекторлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги низомга мувофиқ, 18 ёшга тўлган фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади. Бир нафар жамоатчи инспекторнинг, қоида тариқасида 2 тадан ортиқ моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига бириктирилишига йўл қўйилмайди, битта моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига уч нафаргача инспектор бириктирилиши мумкин. Департамент жамоатчи инспекторлар фаолиятига услубий раҳбар бўлади ва инспектор ўз фаолиятини ихтиёрий равишда юритиб, қонун ҳужжатларига амал қилади.

- Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида тегишли давлат органларига хабар бериш жамоатчи инспекторнинг асосий вазифаси, - дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимов. – Самарқандда 1607 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, республика аҳамиятидаги 973 та археология ёдгорлигига жамоатчи инспектор бириктирилиши белгиланган. Шу пайтгача 502 та объектга жамоатчи инспектор тайинланган.

Ушбу фаолият ташкил этилганига беш йилдан ошяпти. Лекин ҳалигача маданий мерос объектларига жамоатчи инспекторлар тўлиқ бириктирилмаган ва ишлаётган инспекторлар орасида номигагина фаолият юритаётганлари йўқ эмас.

 - Тарих фани ўқитувчисиман, шу билан бирга тўрт йилдан буён тумандаги маданий мерос объектларида бош жамоатчи инспектор бўлиб ишлайман, - дейди нурободлик Илҳом Ботиров. - Туманимизда рўйхатга олинган 52 та моддий маданий мерос объектига 40 нафардан зиёд жамоатчи инспектор бириктирилган. Яшириб нима қилдим, ходимлар моддий рағбатлантирилмагани учун аксарияти ишга масъулият билан ёндашмайди, айримлари бу ишни ташлаб ҳам кетяпти. Оқибатда археологик ёдгорликларда ноқонуний қазишма ишлари кўп учрамоқда. Бунинг устига жамоатчи инспекторларнинг кўпчилиги бу соҳани тушунмайдиган фуқаролар.

Низом бўйича жамоатчи инспектор томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланганда унга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ёки суд ҳужжатига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдорида, жиноят аниқланса, қонунга мувофиқ жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорга асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида пул мукофоти бериш кўрсатилган. Аммо жамоатчи инспекторларга штат бериш, меҳнат дафтарчасини юритиш, бошқа турдаги қўшимча рағбатлантириш ёки жавобгарлик бўйича ҳеч нарса белгиланмаган.

Бу маданий мерос объектлари муҳофазаси учун инспекторлар етишмаслиги ва бириктирилган жамоатчи инспекторларнинг ўз вазифасини виждонан, масъулият билан бажармаётганининг асосий сабабидир. “Мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди”, деганларидек, манфаат бўлмаса, ҳеч ким ўз ишига масъулият билан ёндашмайди. Шу боис моддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, ёдгорликларга зиён етишининг олдини олиш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйиш учун балки ҳақиқий инспектор ва қонун ҳимоячиларини бириктириш керакдир.

 Фазлиддин Рўзибоев.