Меҳнат муҳожири "қароқчи"лик қилмайди
Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзбекистонликлар томонидан Москва шаҳрида ота-бола калтакланиб, пулларининг олиб кетилгани ҳақида хабар тарқалди.
ТАСС ва баъзи интернет нашрлари мазкур воқеа иштирокчиларини ўзбек меҳнат муҳожирлари сифатида таърифламоқда.
Шу ўринда савол туғилади, меҳнат муҳожири ким?
Меҳнат муҳожири одатда ўзга юртда талончилик йўли билан эмас, аксинча, ўзининг ҳалол меҳнати билан пул топадиган инсон бўлиши керак. Бу каби йўл билан пул топиш ҳамма давлатда ҳам жиноят сифатида қораланади.
Мамлакатимиз меҳнат бозорига ҳар йили 600 мингдан ортиқ ишчи кириб келаётган бугунги шароитда миллионлаб юртдошларимиз турли хорижий мамлакатларда меҳнат қилмоқда ва уларнинг аксарияти Россия ҳиссасига тўғри келади.
Коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан меҳнат муҳожирлари учун Россия ҳукумати томонидан қатор имтиёз ва имкониятлар ҳам берилмоқда. Қолаверса, инсонлар бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган шундай қийин вақтларда Россияда оғир ҳаёт шароитларига тушиб қолган ўзбекистонликлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида “Саховат” маркази ташкил этилди.
Меҳнат муҳожирлари ҳаётини енгиллаштириш юзасидан юқоридаги каби жиддий қадамлар қўйилаётган бир пайтда кўчада бегуноҳ одамларни ваҳшийларча калтаклаб, талончилик қилишни ҳеч қандай ўлчов билан оқлаб бўлмайди.
Бу каби ҳолатлар нафақат Россияда меҳнат қилаётган ватандошларимиз, қолаверса, бутун Ўзбекистон халқи шаъни учун ҳам тўғри иш эмас, деб ёзмоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.
Ахир, бир челак сувни ифлос қилиш учун бир неча лойқа томчини аралаштириш етарли бўлади.