Миллатга муаллимлар керак

Янги фанлардан дарс берадиган муаллимларни тарбиялаш Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг диққат марказида бўлган.

“Уламо тарбияхонаси мактаб ва мадрасадир. Агарда ўшал мактаб ва мадрасада муаллим ва мударрислари олим бўлса ва шогирдлариға кўнгли билан таълим берса, албатта, илм ҳосил  қилар. Агарда муаллимни(нг) ўзи, ҳозирги аксар мактабдор ва мударрислардек, кам ҳафсала ва ёинки кам илм бўлса, ёинки илми бўла туруб, усули таҳсилдан хабарсиз бўлса, они шогирдлари нодон қолур”(“Тужжор” газетаси, 1907 йил 29 октябрь).

Беҳбудий бу билан олий маълумот берадиган мадрасалар ислоҳига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлади. Туркистон мадрасаларида тафсир, ҳадис, тиб, ташриҳ, ҳайъат, ҳандаса, иқтисод, сиёсат, география, тарих каби фанлар ўқитилмаслиги битирувчиларнинг ҳаётда зарур бўлган билимларсиз қолишига сабаб бўлаётганини танқид остига олиб, бой ва мутасаддиларни унинг олдини олишга чорлади.

“Сукут сақлаб юраверсак, беш-ўн йилдан кейин янада нодонроқ бўлиб қоламиз, хор бўламиз. Шунинг учун ҳам жим юришимиз етар! Диний мадраса ва мактабларимизни ислоҳ этайлик!”(ўша манба).

Беҳбудий ўрта таълим олган талабаларнинг илғорларини танлаб чет элларнинг ривожланган таълим муассасаларида ўқитиш таклифини ҳам билдиради. “Мадрасаларда сарфи ва наҳви арабий ўқуғон рушид талабалардан Туркистон ва Бухорони(нг) ҳар бир шаҳридан ақал мартаба тўрт нафардан Миср ал-Қоҳира таҳсили илми диний ва фалсафаи замоний ва адабиёти арабий учун юбормоқ керак. Ва булар Мисрда уч йил муддат таҳсили илмға машғул бўлуб, сўнгра Ватанимизға келиб илми калом, тафсир, ҳадис, адабиёти арабия ва ақлиёти замония таълимига кўшиш қилсунлар”.

Беҳбудий раҳбарлик ва ҳомийлик қилган мактаблар таълими қандай натижалар берган?

Бу саволга жавоб тариқасида ушбу мактабларга келиб, болалар билан гаплашган татар маърифатпарвари Исмоилбек Гаспралининг хотиротини эътиборингизга ҳавола этамиз:

“Мактабнинг юзтача толиби ва учта муаллими бор. Дастурида туркча, форсча ва арабчанинг бошланғич дарслари, дин илми, жуғрофия ва тарих мавжуд. Оҳангини келиштириб муножот, шеър ўқиш – мактабга хос бўлган усул. Кичкинтой шогирд ўқувчиларни кўздан кечирдик. Яхши тарбия олганликлари, дарсларни аълога бажаришлари ўзларини тутишларида, кўзларида акс этган нур ва жасоратда зуҳур этади (Наим Каримов. “Маҳмудхўжа Беҳбудий”. Т.:O‘zbekiston, 2011. 34-бет).

Бундай эътирофлар ўзимизнинг мулкдор ва илғор қарашли зиёлилар томонидан ҳам билдирилган. Бунинг моҳиятида Беҳбудий таъкидлаган машҳур фикр мужассам: «Дунёда турмоқ учун ¬дунёвий фан ва илм лозимдур, илм ва фандан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур».

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)