Миллионлар ўйини энди мафкуралар ўйини(ми?)
Уч-тўрт киши йиғилса, футболнинг муҳокамаси бошланади. Ҳужумда яхши ўйнамадик, ҳимоямиз бўш, ҳакам ноҳақ эди... Миллий терма жамоанинг ўйинлари-ку, майли, аммо баъзан Европа жамоаларига мухлислик ортидан ҳам ёқалашишгача борадиган ашаддий мухлислар қанча.
Миллионлар ўйинига қизиқишим сабаб Европа футболини кузатаман. Яқинда Франция чемпионати доирасида “Пари Сен-Жермен” ва “Монпеле” жамоалари ўртасидаги баҳсни томоша қилдим. Қизиғи, ҳар икки жамоа ноодатий тарзда майдонга камалак рангдаги кийимда чиқди. «Пари Сен-Жермен» жамоасининг етакчи ҳимоячиларидан бири сенегаллик футболчи Идрис Гуйе негадир муҳим бўлган ушбу ўйинда майдонга тушмади. Ўша куни у ҳатто захира ўриндиғида ҳам йўқ эди.
Кейинчалик ушбу баҳс ҳақидаги хабарларда айтилишича, ҳар икки жамоа футболчилари ўйинга гомофобия (ЛГБТдан нафратланувчилар)га қарши кураш куни муносабати билан камалак рангдаги махсус футболкаларда майдонга чиққан экан. Сенегаллик мусулмон ярим ҳимоячи эса бундай тарғибот либосида майдонга тушишни истамаган. Қизиғи, баҳс атрофидаги муҳокамалардан сўнг унинг бу ҳаракати учун француз жамоатчилиги сенегаллик футболчини жазолашни таклиф қилди.
Афсуски, ўзини демократик жамиятнинг маёғи ҳисобловчи айрим мамлакатларда бугун шундай парадокслар юзага чиқяпти. Ҳатто биз беозор деб билган спорт ўйинлари қайсидир томоннинг ғараз сиёсатига, мафкурасига хизмат қила бошлади.
Футболда томошабин ёши чегараланмаган. Уни телевизорда ҳам, трибунадан ҳам ҳар қандай ёшдаги киши томоша қилиши мумкин. Аммо шу беозор кўринган ўйинга бугун ғаразли “ўйин”лар тиқиштириляпти. Кўпинча жамоа етакчисининг қўлидаги сардорлик боғичи, майдон бурчагидаги байроқлар, реклама ва эълонлар ўрнидаги тарғиботлар киши эътиборини тортади.
Албатта, кимгадир оддий ҳолатдек кўриниши мумкин. Аммо бу бир хил рангдаги элементлар шунчалик кўпки, ҳаммаси йиғилса, бутун бир мафкуравий ғоя кўз олдингизда гавдаланади.
Буларнинг бари бугун жамиятимизга таҳдид солаётган жирканч мафкуравий хуружлардан бирини акс эттиради. Минг афсуски, бу хуруж соғлом ақлга эмас, бузуқ қалбга таянади. Яқин-яқингача бу мавзуни тарғиб қилишда ёшлар учун орзудаги киши бўлган машҳур актёрлар, қўшиқчилардан фойдаланишар эди. Бугун футбол барча жабҳаларда оммавийликка эришди. Энди футболчилар ёшларнинг “кумир”и. Футбол юлдузлари майдонда, ҳаётда қандай ҳаракат қилаётган бўлса, улар ҳам шуни такрорлашади. Шу сабаб камалак рангли мафкурачилар ҳам тарғиботни энди футбол майдонларига кўчирди.
Айтишингиз мумкин, бу иллатлар биздан узоқда – Ғарбда-ку. Ҳа. Аммо атрофингизга яхшилаб назар солинг, камалак рангдаги белгилар кўпайиб бораётгандек туюлмаяптими сизга ҳам? Айниқса, болалар билан боғлиқ ўринларда. Ҳечқурса, болажонлар учун ташкил қилинган “Ақлвой” телеканалини бир қур кузатинг. Ундаги белгилар, намойиш этилаётган айрим мультфильмлар қаҳрамонлари қандай кийимлар кияди, нималар ҳақида гапиради?
Сулаймон Мардиев.