Москвада Янги йил базмлари бекор қилинди
Коронавирус пандемияси сабабли бу йил Москвада Янги йил базмлари ва бошқа оммавий тадбирлар бекор қилинди, дея хабар беради тезкор штаб Telegram канали.
«Москва ҳукумати томонидан жорий этилган Янги йил базми чекловлари ачинарли, албатта. Аммо ҳозирги эпидемиологик вазиятда ўта зарур тадбир. Биз аввало, одамлар ҳаёти ва соғлиғига ғамхўрлик қилишимиз керак", деди шаҳар мэри Сергей Собянин "Россия 24" телеканали орқали.
“Шаҳар аҳолисига Янги йил арафасида кўчаларда сайр қилишга рухсат берилади. Лекин пандемия шароитида минглаб инсонлар иштирок этадиган Янги йил базмлари ва Рождество ярмаркаларини ўтказиш оқилона бўлмасди”, дея афсус билан таъкидлади мэр.
Москвада янги йил оммавий тадбирлари ва тантаналарини бекор қилиш чеклов чоралари 15 январгача амал қилади. Ҳокимликда икки-уч ҳафта ичида янги чекловларни жорий этиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш кўзда тутилмоқда.
Москва ҳукумати шунингдек, янги чекловлар жорий этилиши муносабати билан москваликларнинг бошқа саволларига ҳам жавоб берди.
Шундай қилиб, мактаб ўқувчилари ва масофадан ўқиётган талабаларга шаҳар бўйлаб ҳаракатлангани учун жарима солинмайди. Аммо уларга имкон қадар уйда ўтириш тавсия этилади. Корпоратив тадбирларни ўтказишда санитария-эпидемиологик тартиб бузилган тақдирда ташкилотлар жаримага тортилади. Дам олиш уйлари ва меҳмонхоналарда меҳмонлар сонини чеклаш режаси йўқ. Чекловларга риоя этилиши полиция ва маъмурий-техник назорати уюшмаси ходимлари томонидан назорат қилинади.