Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Москвадан мактуб: Ерга кўмилган нур

Ҳурматли таҳририят, мен бобом Саид Ризо Ализода таваллудининг 135 йиллигини она шаҳрим - Самарқандда муносиб нишонлаб, олам-олам таассурот билан Москвага, фарзандларим ҳузурига келдим.

Такрор бўлса ҳам маърифатпарвар бобом юбилейини муносиб ўтказишга ҳисса қўшган Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров, уларнинг барча фидойи ходимларига, жамоат ташкилотларига сулоламиз номидан миннатдорлик билдираман.

Биз С.Ализода меросини ўрганишни бир лаҳза ҳам тўхтатганимиз йўқ. Мен яқинда бобомнинг акаси яшаган Машҳад шаҳрига бориб, авлодларимизни суриштирдим. Бобомнинг падари бузруквори ҳожи Мирмаҳсум 1820 йилда Эроннинг Нишопур шаҳрига кўчиб ўтган. Ундан кейин бир муддат Афғонистоннинг Кобул шаҳрида истиқомат қилган ва кейин Бухорога, кўп ўтмай Самарқандга келган. 1910 йилда вафот этган ва Самарқанддаги Панжоб қабристонида дафн этилган.

Ҳожи Мирмаҳсум 90 йил яшаган. У дунё кўрган ва одамохун, шу билан бирга саводли киши бўлган. У киши сулоласи анъанасини давом эттириб шойи ва қалин гилам тўқиш билан шуғулланган ва шу ҳунаридан кун кўрган. Дарвоқе, Машҳадда биз катта бобомизнинг қизил жилдлик дафтарчаси (блокноти)ни топишга муваффақ бўлдик. Бу дафтарча бундан 150 йил олдин тутилган. Унда Қуръоннинг араб ва форс тилида катта бобомиз қўли билан ёзилган оятлари ва кўплаб шеърий мисралар бор. Демак, катта бобомиз ҳам маънавиятга, ижодга яқин одам бўлган.

1975 йилда Саид Ризо бобомнинг умр йўлдоши билан суҳбатда момом бобом қамалгандан сўнг унинг ноёб китобларини тўртта қопчага солиб, қариндошларидан бирининг ҳовлисига кўмиб қўйганини, у ерда китоблар ишончли сақланаётганлигини айтган эдилар. Дарвоқе, шу китоблар ичида бобом ёзган мусиқий нота китоби ҳам бўлган. Минг афсуски, катта онамизнинг вафотидан кейин биз бу манзилни топа олмадик. Ер остига кўмилган нур биз учун армонга айланди.

Самарқандга келгач, бир муддат ўтгандан сўнг бобомнинг акаси Мирҳасан 1927 йилда оиласи билан Эронга кўчиб кетган. Бобом эса "мен Туркистон фарзандиман, Самарқанд фарзандиман, чунки шу ерда дунёга келдим, бу тупроқ мен учун азиз" деб шу ерда қолган.

Ҳозирча билганларим шулар. Насиб этса, кейинги гал борганимда катта бобомнинг дафтарчасидаги битикларни ўрганамиз. Ва Саид Ризо Ализоданинг ҳаётига оид янги маълумотларни оламиз, деган умиддаман.

Сизларни соғиниб, Фарҳод Ализода.

2023 йил 2 февраль. Москва.

***

Суратларда: 1. Саид Ризо Ализода отаси билан Самарқанддаги ҳозирги уй-музей ҳовлисида 1888 йилда тушган сурат. 2-3. 150 йил олдин тутилган блокнот.