Муаллим мулоҳазаси: Ўқитувчилик – шарафли касб, мактаб – муқаддас даргоҳ
Кўчада тузук юришни, мактаб партасида дуруст ўтиришни, қалам-ручка тутишни, дафтар ва китобларни озода сақлашни эплолмайдиган жажжи болакайдан 11 йил ичида туппа-тузук инсонни шакллантириш ўта мушкул ва масъулиятли бурч.
Ўз ўрнида бунинг жавобгарлиги ҳам йўқ эмас. Яқин ўтмишнинг атоқли намояндаси Абдурауф Фитрат “Ҳаётимиздаги энг қийин ҳамда оғир масала бола тарбиясидир”, деб бежиз айтмаган. Алломанинг фикрига қўшиладиган бўлсак, яхши ўқитувчи келажагимизни кафолатлашини қийинчиликсиз англай оламиз. Дарвоқе, мактабда аъло баҳоларга ўқиган, устозларининг оғзидан чиққанини илиб олган бола, табиийки, иқтидорига қараб, муаллими асос солган келажакни бошқаради.
Жамият ўзгариб, одамзоднинг феъли торайиб бораётган бугунги даврда ўқитувчиларнинг зиммасидаги юк ҳам олдингисидан беш-олти баробар оғирлашди. Буни кўтариш, удда қилиш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Касбини ҳурмат қилган устоз-муаллимлар кундузи мактабда жонини жабборга бериб, кечаси уйида уйқудан қолиб ишлайдилар. Улар ўқувчиларининг бирорта саволига жавоб тополмай уятли бўлишдан хавотирланиб яшашади. Баъзан ўзига, оиласига, яқинларига вақт ажрата олмайди.
Аввал-бошда ўқитувчи деганимизнинг асосий вазифаси болани зериктириб қўймасликдан иборатдир. Маълумки, боланинг кўнгли гулдан ҳам нозик. Улар мактабдан зерикдими, тамом. Турли баҳоналар ахтариб, дарслардан қочишнинг, муаллимининг кўзидан панароқда бўлишнинг пайига тушиб оладилар. Айнан шу паллада уларни яна дарсларга қайтаришнинг, қизиқишларини тобора орттиришнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун бугунги ўқитувчиларга етарли шарт-шароит яратиб бериш зарур.
Аслида мактаб ҳаёти ва бола тарбияси азалдан одамзодни ўйлантириб, ташвишлантириб келади. Шунингдек, бу борада билдирилаётган фикрлар, мактабларнинг имкониятлари ҳам сира бир-бирига ўхшамайди. Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Ахборот манбалари кўпайиб, турфа фикрлилик кучайди. Алданиб қолиш ва осонгина алдаб қўйиш мезонлари кенгайди. Бугунги ёш авлод мактаб педагогик жамоаси олдига шундай талаб ва истакларни кўндаланг қўядики, ечимини излаб, бошингиз қотади. Бунинг натижаси ўлароқ, ўқитувчиларнинг билимсизлиги, мактаб жамоасининг муаммолари, ота-оналар билан доимий алоқа ўрнатилмаганлиги бир зумда сезилиб қолмоқда. Аксига олиб, бизни ўраб турган табиат ҳам тобора ўзгариб бормоқда. Шунга ўхшаш таҳликали замонда давр билан ҳамқадам бўламан, дея одамзод эсидан оғиши ҳеч гап эмас. Ҳаётдан орқада қолишни эса кечириб бўлмайди. Замондан, замондошларидан йироқлашиш ўқитувчининг зуваласини бузади. Мақсадимиз бу соҳада яхши натижага эришиш экан, аввало, ўқитувчиларни билимли, зукко ва тадбирли қилиш зарур.
Билим бериш деганимиз муаллимнинг салоҳиятини, тажрибасини, одоб-ахлоқини, юриш-туриш маданиятини ҳам ўз ичига олади, албатта. Биз истаган ўқитувчилар сафи кенгайса, мактабларимизда келажагимиз учун фойдали муҳит юзага келади. Болажонларимиз таълим даргоҳларини, устозларини тоабад яхши кўриб қолишади. Мактабларда илму қудратга бой манба шакллангандан сўнг, табиийки, ота-оналар шуурида ҳам ижобий ўзгаришлар юз беради. Шунча ютуқ ва янгиланишлардан кейин муаллимларнинг қадр-қиммати ортиб бориши шубҳасиз. Масаланинг иккинчи томони ҳам борки, ундан жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Бир мактабда ишлайдиган ўн нафар ўқитувчининг ютуқларини баъзан, худди шу мактабдаги биргина ўқитувчининг хатоси ёки ножўя қилмиши чиппакка чиқариб юбориши бор гап. Бундай кўргуликка дуч келмаслик учун ҳар бир ўқитувчи ўз атрофини мустаҳкам ҳимоялаб қўйиши айни муддаодир.
Ойлик маошнинг кўпайтирилиши ўқитувчиларни саралаб олиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, уларнинг кўнгилларини хотиржам бўлишига, ишига масъулият билан ёндашишига имкон яратади. Аксинча бўлса, ҳаётнинг аччиқ-чучуги буткул пул билан ўлчанадиган маконда ўқитувчиларнинг ҳам ташвиши ортиб бораверади. Буни тушуниш қийин эмас. Озгина жиддийроқ эътибор керак, холос. Аслида рўзғорига етадиган маош билан таъминланиши ўқитувчиларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси саналади. Дилида тугуни, дард-ташвиши бор инсон сира ўзига ўхшамайди. Бу ҳолат ўқитувчининг феълига жуда тез ва оғир зарбалар бериши, уларни ўз касбидан совутиши ҳам муқаррардир. Муаллим ўз касбидан совиса, таълим-тарбия бутунлай орқага кетади. Саводсизлик бошланади. Одамлар чаласавод фарзандларини ўқитиш учун олий ўқув юртлари эшигига пул кўтариб боришни бошлайди. Ўқитувчининг ойлик иш ҳақи рўзғор тебратишга етмаса, ҳар қандай жамият ва давлатда коррупцион ҳолатлар кучаяди. Сабаби, қалби кемтик устоздан сабоқ олган боланинг ҳам билими ожиз бўлади, у жаҳолатни кучайтириш тарафдорлари томонга ўтиб олиши шубҳасиз.
Баъзи мактабларда шундай муҳит бор: бола ўқитувчидан чўчийди. Нима учун? Чунки бизда боланинг билимини баҳолаш мезони бор. Буни ўзгартириш, замонга мослаш керак. Икки баҳо олган бола барибир дўстлари олдида қисинади. Баъзан қалби беозор боланинг дарсларни ўзлаштиролмаётганлигини билган ўқитувчилар уни керагидан ортиқ даражада камситиб юборишади. Муаллимнинг даккисидан, аъло баҳоларга ўқийдиган синфдошларининг жиззаки муносабатларидан “иккичи” ўқувчи уялади. Уят аста-секинлик билан қўрқувга айланади. Қўрққан бола мактабга боришни истамайди. Ўқитувчиси олдида билганларини айтиб беролмайди. Дарсга тайёр бўлса-да, яна ўқитувчисидан дакки эшитиши мумкинлигидан ҳадиксираб юради.
Хўш, мактаб ва бола ўртасидаги бундай номутаносиб муҳитдан қандай қутулиш мумкин?
Бунинг учун ҳар бир синфда тажрибали психологлар фаолиятини йўлга қўйиш лозим. Ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам психологлар олдида ҳисобдор бўлиши шарт. Ўқитувчининг ишига баҳо бериш ёки уни рағбатлантиришдан аввал бевосита мактаб психологининг фикр-мулоҳазаларига ҳам суянилса, фойдадан холи бўлмайди. Ўз ўрнида психологлар мактаб маъмурияти ва ота-оналарга ўз вазифалари, режалари ҳақида ахборот бериб турса, мактаб ҳаёти тобора яхшиланиб бораверади.
Ўқитувчининг дарсдан ташқари пайтларда ҳам ўқувчилар атрофида кўпроқ бўлиши, улар билан ҳаётий мавзуларда тез-тез мулоқот қилиб туриши бола тортиниш, чўчиш аломатларини йўқотади. Ўқувчи билан ўқитувчининг руҳан яқинлашуви ўртадаги ҳар қандай салбий муносабатларга чек қўяди. Бундай устозларни тарбиялаш, кўпайтириш айни замондаги таълим жараёнининг асосий йўналиши бўлиши лозим. Ушбу йўналиш ўз ўрнида педагоглар тайёрлайдиган олий таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар қилинишини талаб этади.
Юқори синф ўқувчиларининг кунига олти-етти соатлаб ўқишини биз замон, давр ҳамда таълим стандартларининг талаби деймиз. Аслида дарсларнинг кўплиги ўқувчиларни синфга киришдан бездириб қўйишини ҳам биз таълим стандарти сифатида кўришимиз, бунинг олдини олишимиз шарт. Синфга мажбуран киритилган ўқувчининг кўнглига ҳеч нарса сиғмайди. Бунинг олдини олиш борасида баъзи бир дарсларни, ҳаттоки математика, кимё, физика дарсларини ҳам гоҳида ташқарида – очиқ ҳавода ўтишни қўллаб кўриш мумкин. Ўйлайманки, бунинг фойдаси катта бўлади ва яхши натижаларга олиб келиши тайин. Ҳар битта янгиликда лаззат бор, деганларидек, болалар ҳамиша янгиликка интилувчан бўлишади.
Таълим тизимимизда учрайдиган яна бир муаммо хом-хатала дарсликлар ва ўз устида ишламайдиган устозлар масаласидир. Тасаввур қилинг, замонавий таълим талабларига жавоб беролмайдиган ўқитувчилар қаторига саводсизларча тайёрланган дарсликларни, боланинг мактабга келмай қолган кунларини, ота-оналарнинг бефарқлигини ҳам қўшадиган бўлсак, кўз олдимизда таълим тизимининг жуда катта муаммолари пайдо бўлади. Бола шундай салбий ҳолат авж олган мактабдан нимани ўрганиши мумкин? Менимча, ҳеч нарсани ўргана олмайди. Улар мактабни қандай билса, жамиятни ҳам худди шундай тасаввур қилишади.
Сир эмас, бугун ўқитувчиларнинг ярмидан кўпи уй-рўзғор ташвишларига ҳам ўралашиб қолган. Айниқса, аёлларимиз, опа-сингилларимиз. Табиийки, оила ташвишларига дуч келган устоз ўзганинг боласига билим беришдан кўра кўпроқ ўзининг муаммоларини ҳал қилишни ўйлайди. Токи муаллим ва муаллималарнинг фикр-хаёли фақат мактаб ва дарс жараёни билан боғланмас экан, таълим тизимининг кемтикларини асло тўлдириб бўлмайди. Таълим даргоҳидаги дарслардан қониқмаган ота-оналар фарзандларини нархи фалон миллионли репетиторларга топширишга мажбур бўлишади. Бунинг устига, мактабда тўлиқ таълим олган ўқувчилардан тўрттагинаси, репетиторга қатнаганлардан беш-олтитаси олий ўқув юртларига кирса, мактабнинг, ўқитувчиларнинг рейтинги репетиторникидан икки-уч баробар пасайиб кетади.
Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, бугун таълим жараёнида ўзгартирилиши, янгиланиши лозим бўлган масалаларнинг кўлами анча катта. Бунинг учун барчамиз, ҳаттоки ота-оналар ҳам масъулдирлар. Таълим масаласи фақат вазирликка боғлиқ эмас. Шунингдек, мен оддий ўқитувчи сифатида арзимаган сабаблар билан мактабларга иддао қилиб келадиган, ўқитувчиларнинг ҳурмат-иззатини тўкиб, ҳақорат қиладиган ота-оналардан ҳам оғир-босиқ бўлишларини, мактаб эшикларини қаттиқ ёпмасликларини, етти ўлчаб, бир марта кесишларини сўрайман.
Сиз ўқитувчини қўлланг, у болангизни саводсизлик гирдобидан сақлаб қолади. Ўқитувчилар ҳеч қачон фарзандингизнинг ёмон инсон бўлиб танилишини истамайди.
Барчиной Содиқова,
Паст Дарғом туманидаги 35- мактаб директори.