Муаммони олиб чиқиш эмас, ҳал қилиш муҳим

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб бир қатор масалалар бўйича Кенгаш қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 августдаги “Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида вилоят ҳокими ўринбосарларининг 2022 йил I чоракдаги фаолияти самарадорлиги кўрсаткичлари кўриб чиқилиб, маъқулланди. Айрим йўналишлар бўйича белгиланган вазифа ва чора-тадбирларни кейинги чоракларда ўз вақтида ва сифатли бажариш зарурлиги қайд этилди.

Депутатлар вилоят ҳокимининг “Қодиров Баҳодир Раҳимовични Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини тасдиқлади.

Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича вилоят комиссияси низоми ва таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.   Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 8 апрелдаги “Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча  манбаларини аниқлаш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори маълумот ва ижро учун қабул қилиниб, вилоят бюджетининг қўшимча манбаларини аниқлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом ҳамда вилоят бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга ошириладиган тадбирларни умумлаштирувчи комиссия таркиби тасдиқланди.  

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев 2022 йил тўрт ойи давомида вилоятдаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.

М.Турдиевнинг қайд этишича, йил бошидан буён Халқ қабулхоналарига юридик ва жисмоний шахслар томонидан  5342 та масала баён этилган 4927 та (2021 йилнинг шу даврида  9333 та) мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатларнинг 3588 таси қаноатлантирилган. Энг кўп мурожаат электр, газ ва сув таъминоти (680 та),  моддий ёрдам олиш (322 та), иш билан таъминлаш (313 та), алимент пулларини ундириш (425 та), пенсия, нафақа ва бола пули тайинлаш (365 та) билан боғлиқ бўлган.

Сектор раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ўтказиш ва уларда кўтарилган муммоларни ҳал этиш, штаблар фаолиятини йўлга қўйишда жойларда камчиликларга йўл қўйилаётгани, жумладан, солиқ инспекциялари бош бўлган тўртинчи секторларда бу борада муаммолар кўплиги таъкидланди.

Депутатлар Халқ қабулхоналари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, секторларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

– Халқ қабулхонасига тушган мурожаатни сессияда муҳокама этишгача кутиб ўтириш шарт эмас, мутасадди идоралар билан бирга ҳал этиш чорасини кўриш лозим. Умуман, муаммони кўтариш эмас, ҳал қилиш муҳим, – деди Кенгаш раиси Э.Турдимов.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Х.Умаровнинг ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида вилоятда амалга оширилган ишлар ҳамда белгиланган  вазифалар тўғрисидаги ҳисоботида келтирилишича, йил бошидан буён ушбу йўналишдаги профилактик тадбирлар давомида адашган, назоратсиз ва қаровсиз, тарбияси оғир, дайдилик қилиб юрган 852 нафар вояга етмаганлар аниқланган. 1984 нафар тарбияси оғир бўлган болаларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, 1203 нафарининг ота-онасига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

– Бироқ, профилактик тадбирларга қарамасдан, жорий йилнинг тўрт ойи давомида вилоят ҳудудида қайд қилинган 2242 та жиноятнинг 508 таси ёки ҳар тўртинчи жиноят ёшлар томонидан содир этилган, – деди Х.Умаров. – Бу эса вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш масаласига барчамиз, кенг жамоатчилик алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини кўрсатади.

Сессияда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.Бойхўрозов давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

– Бугунги кунда вилоят махсус эксплуатация-монтаж корхонаси бизнинг бошқармамиз тасарруфига ўтказилиб, Самарқанд  ва Каттақўрғон шаҳарлари ва Оқдарё туманида 105 штат бирлигидан иборат эксплуатация-монтаж бўлинмаларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда, – деди Ш.Бойхўрозов. – Ҳозирги кунда вилоят йўлларидаги ҳаракатни техник воситалар орқали бошқариш ишлари талаб даражасида эмас. Мавжуд 18572 дона йўл белгисидан 4631 донасини алмаштириш лозим. Шунингдек, етишмайдиган 13798 дона йўл белгиларини ўрнатиш, 27 та тартиб, солинмаган чорраҳа ҳамда 38 та пиёдалар ўтиш жойларини светофор билан жиҳозлаш лозим. 2023 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрининг йирик серқатнов чорраҳаларидаги, 2024 йил якунигача эса шаҳарнинг барча чорраҳаларидаги светофор объектларини рақамли бошқарув тизимига ўтказиш лозим. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган йўлларида жойлашган 36 та светофор объектларини рақамли бошқарув тизимига ўтказиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, сессияда вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи З.Жамоловнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан, вилоят ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар масалалари бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси З.Раҳмонованинг вилоятда хотин-қизлар муаммоларининг ҳал этилиши юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.