Мурожаатлар назоратга олинди, ташаббус ва таклифлар қўллаб-қувватланди
Сайёр қабулда
Самарқанд шаҳридаги “Ватанпарвар” боғида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг аҳоли учун навбатдаги сайёр қабули ўтказилди. Унда вилоятимизнинг барча туманларидан фуқаролар иштирок этди.
Қабулда асосан йўл қурилиши, электр таъминоти, субсидия асосида уй-жой ажратилиши, ишсизлик масалаларида мурожаатлар кўп бўлди. Вилоят ҳокими ва бошқа масъуллар ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифларини тинглаб, масалаларга ечим топиш чорасини кўрди.
Жумладан, Пахтачи тумани Сарой маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодир Шодиев маҳалласидаги симёғочлар авария ҳолатида эканлиги, эски трансформатор эса аҳолининг эҳтиёжи учун етарли электр энергиясини етказиб беролмаётганини айтиб, шикоят қилди. Вилоят ҳокими “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ масъулларига маҳалладаги эски симёғочлар ўрнига темир-бетон устунлар ўрнатиш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, маҳаллада маҳаллий бюджет ҳисобидан янги трансформатор ўрнатиладиган бўлди.
— Мана, 14 йилдирки собиқ эрим икки нафар фарзандимиз учун алимент пулларини тўламай келмоқда, - дейди пастдарғомлик Сожида Абдуғаниева. – Мурожаат қилмаган жойим қолмади. Уни алимент тўлашдан бўйин товлаганлиги учун икки маротаба жазога ҳам тортишди, фойдаси йўқ. Вилоят ҳокимидан кўмак сўраб келдим.
Э.Турдимов масъуллар олдига фуқаронинг мурожаатини қисқа фурсатда ўрганиб, алимент пулларини ундириш чорасини кўриш вазифасини қўйди. Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан оилага моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Сайёр қабулда фақат ўзига эмас, маҳалласи, хусусан, ундаги ёшлар учун нимадир сўраб келганлар ҳам бўлди. Масалан, Самарқанд туманининг Янги Жой маҳалласида истиқомат қилувчи Рустам Умаров маҳалласидаги кичик, шароити оғир мактаб ўрнига янгисини қуриш кераклигини айтди. Булунғурлик Шохруҳ Қўзибоев эса ўз ерида ёшлар учун мини-футбол майдончасини қуриш ташаббуси билан чиқди. Унга бу лойиҳани амалга ошириши учун имтиёзли кредит зарур экан.
Э.Турдимов иккала мурожаатни ҳам ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилиш учун масъулларга йўналтирди.