Мутолаа. Бахтли яшаш сири. Ҳикоя
Чиннинг сулув қизи Ли-Ли суйганига турмушга чиқди. У бахтли эди, бироқ ширин ҳаётига қари, инжиқ қайнонаси заҳар томизиб турарди. Қайнона-келиннинг адоқсиз жанжалларидан тўйган эркак уйга келмайдиган одат чиқарди. Ўз оиласини сақлаб қолишни истаган келинчак табиб ҳузурига борди ва дардини тўкиб солди. Нуроний унга кукунга ўхшаш бир дори тутқазди.
– Бу аста-секинлик билан таъсир қиладиган заҳар, – деди кекса табиб, – уни уч ой давомида ҳар кун оз-оздан қайнонангнинг таомига қўшиб берасан. Қайнонангнинг ўлимида сендан гумонсирамасликлари учун унга энг сара таомларни тайёрлаб, яхши муомалада бўл!
Ли-Ли чолнинг айтганига амал қилди. «Яхши гап билан илон инидан чиқади» деганларидай, келиннинг мулойим муносабати қайнонани тамомила ўзгартирди. Улар она-ю қизга айланди. Ёш келин ўзини оғир юк босаётгандай ҳис қилиб, қилмишидан пушаймон бўлди ва чолнинг ҳузурига келди.
– Қайнонамнинг қонини заҳардан тозаловчи дори беринг, илтимос. Унинг ўлишини асло истамайман!
Чол кўзлари ёшланиб, жавдираб тикилиб турган Ли-Лига қараб, қаҳ-қаҳ отиб кулди.
– Қизалоғим-а, сенга берганим дармондорилар эди. Улар қайнонангнинг кучига куч қўшарди. Ҳақиқий заҳар, аслида, миянгда эди. Сен ундан халос бўлдинг. Энди чинакамига бахтли яшайсан, – деган экан табиб.
Ба Сзин.