Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Олмос” оёқ

1970-1980 йилларда Одессада азалий заргар Хаим Осипович Ермолицкий яшаган. У чет мамлакатга кўчиб кетишга қарор қилганида, КГБ уни 24 соатлик кузатув остига олади.

Комитетчилар унинг олмосларни четга олиб кетишига ҳаракат қилишига шубҳа қилишмади. Чайқов бозоридан қалин тагликдаги пойабзал сотиб олганини кўргач, у заргарлик буюмларини ўзида яширишни истаётганини англашади ва улар ҳақ эди. Уйда Хаим дераза пардаларини ёпди, дастаки дрелни олиб, пойабзал тагликларига тешик очди, эҳтиёткорлик билан уларга тошларни қўйиб тешикларни ёпиб чиқди. Пойабзални кийиб хонада юриб кўрди. Олмослар шу қадар ғижирлардики, чол даҳшатдан терлаб кетди. Уларни олиб чиқиш учун бошқа режа тополмаганлиги сабабли қўлни силтаб: “Нима бўлса бўлди!”, деб қўйди. Умуман олганда, олмослари унча кўп бўлмаганлиги сабабли, бир жуфт оёқ кийими етарли бўлди. Иккинчи жуфт туфлиларни жияни Мишага берди.

Белгиланган куни Ермолицкий денгиз портига борди. Ҳайфа шаҳрига борадиган пароход у ердан жўнарди. Миша уни кузатиб қўйиш учун чиқди. Йўлда машинада Хаим жуда асабий эди.

- Биласанми, Миша? – деди у жиянига. – Мен саксонга кирдим. Бу хазиналарнинг менга нима кераги бор? Мен муқаддас ерни ўпиб, тинчгина ўлишни хоҳлайман. Улар ҳали сенга яраб қолади... Шундан сўнг у Миша билан пойабзал алмашди. 

Станцияда Хаим зудлик билан олдиндан огоҳлантирилган божхона ходимларига йўналтирилди. Ундан мулойимлик билан пойабзални ечишни сўрашди ва янги пойабзал қисмларга ажратиб чиқилди. Улар бу фирибгарни Исроилга эмас, балки бутунлай тескари томонга юборишларига шунчалик амин эдики, ҳеч нима топа олмагандан сўнг бу муваффақиятсизликдан ҳайрон қолишди. Керакли жойга қўнғироқ қилиб, нима қилиш кераклигини сўрашди. Уларга чамадон, кўйлаги, шим, керак бўлса кепкаси ичини текширишни айтишди. Буни ҳам қилиб кўришди – ҳеч нарса йўқ! Яна керакли жойга қўнғироқ – улар бундай бўлиши мумкин эмаслиги ва унинг “ичини ағдар-тўнтар қилиш”ни буюришди. Ходимлар узоқ ўйламай шўрликни касалхонага олиб боришди, у ерда унинг ошқозонини ювиб, бир литр суюқлик ичишга мажбур қилишди, рентгенга ҳам туширишди ва яна ҳеч нарса топилмади. Шундан сўнг “Эҳтимол биз хато қилдик, ташвишга туширганимиз учун узр сўраймиз”, деб қўлларини қўлтиққа солиб кетишди. Навбатдаги сменани лейтенант Татьяна Луговская таркибига кирган янги божхоначилар гуруҳи қабул қилиб олди. У шахсий ва иш фаолияти туфайли анча руҳий тушкунликка тушган 55 ёшли оддий совет аёли эди. Идорада уни Ермолицкий кутиб турарди. Ҳеч нарса киймаган, аниқроғи, фақат ички кийим кийган,  ранги ўчган чолни кўриб у сўради:

- Ким бу?

- Ушланганлардан бири, - бепарволик билан жавоб берди ходим.

Аёл чол ҳужжатларини кўриб, ундан сўради?

- Хаим Осипович, киядиган бирор нарсангиз борми?

- Менда бу даҳшатларни кўрмаслик учун фақат ўлиш истагигина бор, - жавоб берди чол.

- Сизни бирор киши кузатиб қўяяптими, – сўради божхоначи.

- Жияним, - деди чол ва бу синов хонасига кирган эшик томон заиф ишора қилиб қўйди.

Шунда Татьяна одамлар тўпланиб турган залга чиқиб, улар орасида Хаим Осипович Ермолицкийнинг жияни тўғрисида суриштирди.

Шу заҳотиёқ топилди у.

- Гап шундаки, яхши йигит, - деди Татьяна Николаевна. – Менга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, Хаим Осипович ўзининг тарихий ватанига борадиган костюм ва пойабзали яроқсиз ҳолга келди. Хавотир олманг, унинг ўзининг аҳволи деярли яхши. Фақат кетишидан олдин у кийиниб олиши керак. 

- Мен устимдагини ечиб беришим мумкин, - таклиф қилди жиян.

- Ўзингиз ички кийимда қоласизми?

- Одесса кўчаларида ички кийимда пиёда юриш – бу одатий ҳол, - ҳозиржавоблик қилди Миша. – Лекин чет элда бу аҳволда кириб бориш ҳар тугул уят бўлса керак.

- Хўш, келинг, бўлганини бера қолинг, - хўрсинди аёл ва беш дақиқадан сўнг Хаим Осипович жияни кийган жинси шим, елкасида учта қизил чизиқли "Адидас" футболкаси ва ҳаёти давомида тежаб қўйган бойликлари жойлашган янги пойабзални кийиб чиқди.  

- Аҳволингиз қалай? – деб сўради лейтенант Луговская.

- Анча дуруст, - қисқагина жавоб берди Хаим Осипович ва йўлакка қараб йўл олди.

Вадим Ярмолинец.

(Баҳора Муҳаммадиева таржимаси).