Нарпайда ичкилик оқибатида 34 ёшли аёлнинг ҳаётига зомин бўлган шахс ушланди
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни соат 22:00 да Нарпай тумани Кўк-ота МФЙ, Ўлмас қишлоғида яшовчи фуқаро 33 ёшли Жаҳонбек Д. 7 нафар танишлари билан биргаликда Равот олчин МФЙда жойлашган умумий овқатланиш жойида ўтириб, спиртли ичимлик истеъмол қилган ва таниши, 34 ёшли Гулмира Т. билан ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик оқибатида уни шу атрофдаги боғнинг ичига олиб бориб, танасининг турли қисмларига қўли ва оёқлари билан уриб, тепиб тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг Жаҳонбек Д. таниши Гулмира Т.га тиббий ёрдам кўрсатиш ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида “тез ёрдам” хизматига мурожаат қилган. Бироқ Гулмира Т. олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида марҳума Гулмира Т.нинг эгнидаги кийимлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Жаҳонгир Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш мақсадида одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича Жаҳонгир Д. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.