Нарпайда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг “Минтақа тил ўқитиш маркази” филиали очилди

Бугун Нарпай хизмат кўрсатиш техникумида ташкил этилган Самарқанд давлат чет тиллар институти “Минтақа тил ўқитиш маркази” филиали очилди. Шу муносабат билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори И.Тўхтасинов, Нарпай тумани ҳокими Ш.Раҳмонов иштирок этиб, нарпайликларни яратилаётган бундай имкониятдан оқилона фойдаланишга чорлади.

Чекка туман ва қишлоқлардаги ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил қилинган ушбу марказда абитуриентлар учун барча қулайликлар яратилиб, замонавий жиҳозлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминланди. Марказ 200 дан ортиқ абитуриентга чет тиллари, ижтимоий-гуманитар ҳамда аниқ ва табиий фанларни ўқитишга мўлжалланган.

Ушбу ўқув маркази ҳар куни икки навбатда фаолият олиб боради. Унда 10 дан ортиқ малакали тил мутахассислари ҳамда фан ўқитувчилари абитуриентларга сабоқ беради.

Келгусида мазкур минтақа тил ўқитиш маркази филиалида ўқувчи-ёшларни IELTS ва SEFR халқаро ҳамда миллий сертификатларга ўқитиш курсларини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.