Нарпайда санитария талабларига риоя қилмаган 61 та таълим муассасаси масъуллари жаримага тортилган

Нарпай туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда санитария назорати бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари иштирокида мазкур туманга  уюштирилган пресс-турда шу каби саволларга жавоб изланди.

- Туманимизда 227 минг аҳоли яшайди, - дейди санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими бошлиғи Болтабой Даминов. – Аҳоли ўртасида тарқалиши мумкин бўлган эпидемия ва юқумли касалликларни олидни олиш мақсадида маҳаллабай ишлаш тизимини йўлга қўйганмиз. Бунинг учун тумандаги 57 та маҳаллада мутахассисларимиз фаолият кўрсатмоқда. Йил бошида бактериологик ва паразитологик лабораторияларга янги асбоб-ускуналар сотиб олинди. Шунингдек, лабораториялар талаб даражасида фаолият кўрсатиши учун озуқа муҳитлари, зардоблар ва реактивлар, вакциналар билан таъминланди.

Санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими врачи Ойгул Ғаффорованинг таъкидлашича, жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 106 та давлат таълим ташкилотларида санитария назорати ўтказилган. Шундан 49 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти, 57 таси умумтаълим мактаби. Таълим муассасаларида олиб борилган лаборатория назоратида кимёвий лаборатория таҳлиллари сони 9 ой давомида 1484 тани ташкил этади. 

9 ой давомида жами 872 та бактириология лабараториясига анализ олинган. Шулардан 740 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 132 та мактаблар. Талабга мос бўлмаган муассаса сони 59 та бўлиб, уларнинг 56 таси  давлат мактабгача таълим ташкилоти, 3 таси мактабларда кузатилган. Таълим-тарбия муаассасаларида олиб борилган санитария назоратида қўлланилган маъмурий чораларга кўра, жами жарималар сони 61 тани ташкил қилган. Шундан 39 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 22 та мактаб масъуллари жаримага тортилган.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойида туманда 112 та ҳолатда санитария хулосалари берилган бўлса, шундан 2 таси санитария талабларига мос келмаган. Ичимлик сув тармоғидан бактериологик текширувга 489 та сув намуналари олинган. Шулардан 61 та сув намунаси давлат стандартига жавоб бермаганлиги аниқланган. Ичимлик тармоғидан санитария-гигиеник лабораторияга 705 та сув намуналари олинган ва бу намуналар талабга жавоб беради. Қудуқ сувидан 129 та намуна олинган бўлиб, шулардан 22 таси талабга жавоб бермаслиги аниқланган. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш юзасидан туман “Сув оқова” ДУКга хат юборилган.

Пресс-тур давомида туман санитария бўлими томонидан мактабгача таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилдиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.