Никоҳдан ажратиш тўғрисида судга мурожаат қилмоқчимисиз?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилган. Унда оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлигини инобатга олиб, оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳам қонун билан қўриқланади.

Никоҳдан ажралиш камайган. Аммо...

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судлари томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари сони 2019 йил давомида 4804 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 231 тага камайган. Улар бўйича даъво қаноатлантирилган қарорлар сони 2 956 тани ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан 182 тага камайган.

Никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилишнинг асосий сабаблари таҳлил қилинганда оилавий келишмовчиликни 2879 та, моддий жиҳатдан қийналганлик 464 та, фарзандсизлик 272 та, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш 160 та, бошқа сабаблар 1643 тани ташкил қилиши маълум бўлди.

Судлар томонидан тарафларнинг ярашиши учун кўрилган чоралар, хусусан, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтириш ишлари, сайёр суд мажлисларида ажралишнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш борасида олиб борилган ишлари натижасида 209 та оила яраштирилган.

Никоҳга кириш, оила тузиш - бу инсон ҳаётининг муҳим жараёни бўлиб, унинг бутун келажакдаги ҳаёти билан боғланиб кетади. Шу сабабли никоҳга кириш никоҳланувчиларнинг ихтиёрига асосланган. Никоҳдан ажратишга қарор қилган шахс ушбу ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириши лозим. Никоҳдан ажрашиш истагини билдирган шахс кўп ҳолатда иккиланиб туради. Вакил орқали берилган даъво ариза шахсни ажрашиш қароридан қайтиш эҳтимолини анча пасайтиради. Никоҳни кўп ҳолатларда тарафларнинг “ғурури”, қариндошларининг шахсий адовати, нотўғри айтилган сўзи бузади.

Нима қилиш керак?

Никоҳдан ажралишлар сонини камайтириш, оилани сақлашга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш, никоҳдан ажратиш истагини билдирган шахсни ўзгалар фикри, маслаҳати ва таъсиридан чиқариб, ҳақиқий истак-хоҳишларини юзага чиқариш мақсадида қуйидаги таклифлар берилади:

- никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларини кўришда оила амалда барбод бўлганлигини тасдиқловчи жиддий асослар мавжуд бўлган ҳоллардагина ишларни вакил иштирокида кўриш;

- сайёр судларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида оилаларни яраштириш имкони бўлган тақдирда низоларни жойида ҳал этиб, оилани яраштиришга, оила муқаддас даргоҳ саналиши, болалар келажаги ҳақидаги тушунтириш ишларини олиб бориш тартибини йўлга қўйиш;

- ушбу тоифадаги ишларни кўришда даъволар қаноатлантирилган ҳолларда давлат божи суммасини оиланинг барбод бўлишига олиб келган тарафдан ундириш тартибини йўлга қўйиш;

- мазкур ишларни кўришда, агар тарафлар 1 йилдан кам бўлган муддат давомида алоҳида-алоҳида яшаётган бўлса, даъво аризани рад қилиш;

- 3 йилгача бўлган муддат ичида бирга яшамаётган эр-хотинга 3 ойдан кам бўлмаган ярашиш учун муддат бериш;

- 5 йил ва ундан ортиқ муддат бирга яшамаган тарафларга 3 ой ёинки оилани сақлаб қолиш имкони қолмаганлигини асословчи далиллар судга тақдим этилган тақдирда, иш ҳолатлари бўйича муддат бермаган ҳолда тарафларни никоҳдан ажратиш ёки 6 ойгача бўлган муддат бериш амалиётини йўлга қўйиш;

- никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳар бир ишни кўришда амалда оила барбод бўлишининг олдини олиш, бунга ота-оналар, маҳалла ва хотин-қизлар қўмиталари эътиборини жалб қилиб бориш;

- тарафларнинг иштирокисиз ёки яраштириш комиссияларининг хулосасисиз никоҳдан ажратмаслик.

Судга қандай тартибда мурожаат қилинади?

Никоҳдан ажратиш тўғрисида судга мурожаат қилишда даъво аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) даъвогарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили;

3) жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;

4) даъвогарнинг талаби;

6) даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

7) аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.

Аризада даъвогарни ёки унинг вакилининг, шунингдек, бошқа тарафнинг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада электрон манзили кўрсатилганлиги аризачининг суд чақирув қоғозларини ва бошқа хабарномаларни, суд ҳал қилув қарорларининг ҳамда ажримларининг кўчирма нусхаларини электрон ҳужжат тарзида олишга бўлган розилигидир.

Ариза кўчирма нусхалари билан бирга судга берилади.

Даъво аризага илова қилинадиган ҳужжатлар:

  1. Даъво ариза нусхаси
  2. Никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома.
  3. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси.
  4. Паспорт нусхаси.
  5. Давлат божи.
  6. Почта харажати.
  7. Ишончнома нусхаси (даъво ариза ишончли вакил томонидан берилган тақдирда).

Б.НОРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси вазифасини бажарувчи.