Нима учун одамлар ўзларини алдашади: қизиқарли фактлар
Гарчи суҳбатдошини алдаб, ўз қадр-қимматини оширмоқчи ёки бошқа натижаларга эришмоқчи бўлган хатти-ҳаракатлар оқланмаса-да, одамларнинг бир-бирига ёлғон гапириши тушунарли ҳолат. Лекин нега баъзи одамлар ўзини ўзи алдайди?
Хорижлик олимлар нима сабабдан одамлар ўз-ўзини алдаб, бошқалардан яхшироқ ҳис қилиши мумкинлиги мавзуси бўйича тадқиқот олиб боришди.
Тадқиқотлар 90 фоиз ҳолларда университет ўқитувчилари ва профессорлари ўз ишларини ҳамкасбларига қараганда яхшироқ бажариши тўғрисида даъво қилишини кўрсатди.
Ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровда эса респондентлар умумий сонининг тахминан тўртдан бир қисми бошқалар билан муносабатларини аъло даражада деб атаган. Улар ҳатто бу муносабатлар бошқа тенгдошларига қараганда яхшироқ эканини айтишди.
Қизиғи, аноним тарзда ўтказилган сўровлар натижасида олимлар тўғри (рост) жавобларни олишга муваффақ бўлишди. Яъни, саволлар қанчалик шахссиз бўлса, жавоблар ҳам шунчалик самимий бўлди.
Ўз-ўзини алдашнинг сабаби
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, кўпчилик ўзининг қатъиятсизлиги, заифроқлиги ва номукаммаллигини тан олишга тайёр эмас. Улар ўз-ўзини алдаш орқали айбдорлик ҳисси ва муаммолардан қочиш йўлини излашади.
Бундан ташқари, инсон ҳар доим ўзи қилаётган ишининг тўғрилигига ишончи комил, бирор нарса ҳақидаги ёлғон фикр эса онгсиз равишда шаклланади, - дея таъкилайди экспертлар.