Ноҳақ ишдан бўшатилганлар вазифасига қайта тикланди
Каттақўрғон тумани, Пайшанба шаҳарчаси, Чароғон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Тошев “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қорадарё электр тармоқлари корхонасида 2019 йил 2 февралдан электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ва алмаштириш бўйича электр монтёр вазифасида, 0,5 ставкада ишлаган.
Корхонада штат бирлигининг қисқариши сабабли Меҳнат кодексининг 100-моддаси 1-қисми билан у билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 13 январдаги буйруқ билан бекор қилинган.
Фуқаро Т.Тошевнинг мазкур буйруқдан норози бўлиб қилган мурожаати Каттақўрғон тумани адлия бўлими иш юритувига жорий йилнинг 16 март куни келиб тушди.
Мурожаатни ўрганиш давомида 2020 йил 26 март куни фуқаро Т.Тошев муқаддам бажариб келган - электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ва алмаштириш бўйича электр монтёр вазифасига қайта тикланди.
Аниқланган ҳолат бўйича “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги ҳақида” огоҳнома киритилди.
Жорий йилнинг 24 февралда Қўшработ тумани адлия бўлимига келиб тушган мурожаат ҳам қарийб шу мазмунда. Унда тумандаги Булоқбоши маҳалласида яшовчи фуқаро С.Темирова у билан туман ахборот-кутубхона маркази ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинганлигидан норозилиги билдирилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида туман ахборот-кутубхона маркази томонидан 2020 йил 23 январдаги 18-сонли буйруққа асосан С.Темирова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми, 2-бандига мувофиқ ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат қонунчилиги нормаларига зид равишда бекор қилинганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижасига кўра, туман ахборот-кутубхона марказига аниқланган қонунбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди. Натижада марказнинг 2020 йил 6 мартдаги буйруғи билан С.Темирова вазифасига ишга тикланди.
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси.