Ноинсоф “тадбиркор” фош бўлди
Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни йўналишда олиб борилаётган ишларда асосий эътибор маҳсулотларнинг аҳоли учун қулай нархларда сотилишига қаратилмоқда.
Бироқ коронавирус тарқалиши туфайли юртимизда эълон қилинган карантиндан ўз мақсади йўлида фойдланмоқчи бўлган “тадбиркорлар” ҳам борлиги ачинарли ҳолатдир. Иштихонлик Э.Т. ҳам туман деҳқон бозорида тегишли ҳужжатсиз озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишдан асло тап тортмади.
Жорий йилнинг 17 март куни туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида “тадбиркор”нинг ноқонуний хатти-ҳаракати ошкор бўлди. Натижада унга тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, қиймати 984 минг сўмлик 7 хил турдаги маҳсулотлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Қайд этиш лозимки, жойларда ноинсоф ва ноқонуний фаолиятни ўзига касб қилиб олганларга қарши назорат тадбирлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.