Каттақўрғон шаҳрида ноқонуний компьютер ўйинлари ташкил этган “тадбиркор” аниқланди

Мамлакатимизда коронавирус тарқалиши туфайли эълон қилинган карантин даврида кўнгилочар объектлар, хусусан, компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилганди. Бироқ ушбу қоидага амал қилмайдиган, бунинг устига қонуний фаолият юритишга панжа орасидан қарайдиганлар ҳам йўқ эмаслиги афсусланарли.

Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида амалдаги тартиб-қоидаларга беписанд қараб, ҳужжатсиз тадбиркорлик билан шуғулланганлар фош бўлди. Жумладан, шаҳарнинг Туркистон кўчасида истиқомат қилувчи В.Х. давлат рўйхатидан ўтмасдан, компьютер ўйинларини ташкил этиб келаётгани аниқланди. Натижада ундан қиймати 23 миллион 360 минг сўмлик 15 турдаги 33 дона компьютер далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди.

Каттақўрғон шаҳри Бухоро кўчасида яшовчи Н.Р. ҳам ҳужжатсиз компьютер ўйинларини ташкил этиш ва яхна ичимликлар савдоси билан шуғулланаётгани назорат тадбирида маълум бўлди. Фуқародан қиймати 32 миллион 100 минг сўмлик 7 турдаги 57 дона компьютер ва 435 минг сўмлик 5 турдаги яхна ичимликлар вақтинча олиб қўйилди.

Назорат тадбирида ҳуқуқбузарлар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида давлат рўйхатидан ўтиб, расмий фаолият юритиш йўл-йўриқлари батафсил тушунтирилди.

Дилшод ҒАНИЕВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими.