Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нуробод туманида қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди

Дастлаб туманнинг “Нурдум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 21-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият бошлади. 1,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилган мазкур боғча 60 нафар тарбияланувчини бағрига олди.

Мазкур маҳаллада 2 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам мавжуд бўлиб, мактабгача таълим ёшидаги 3-7 ёшли болалар сони 385 нафарни ташкил қилади.

Сарикул маҳалласида эса бир йўла маҳалла биноси, туман тиббиёт бирлашмасининг “Сарикул маҳалла тиббий пункти” ҳамда 16-умумтаълим мактабида янгидан қурилган (12х24 ўлчамдаги) спорт зали фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда вилоят, туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш, халқ таълим тизими масъуллари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

- Бугун барча маҳалладошларимиз учун унутилмас кун бўлди, - дейди шу маҳаллада яшовчи Абдуваҳоб бобо Баратов. - Сарикулда ўтган 3 ой давомида жуда катта ишлар амалга оширилиб, халқимиз кайфиятига кайфият қўшди.

Бугун маҳалла ўзининг биносига эга бўлди. Бунёдкорлик ишлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлар ва ҳашар йўли билан амалга оширилди. Унда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар ўринбосари ва маҳалла кутубхонаси учун ҳам алоҳида хоналар ҳозирланди. Ёшларимиз спортга қизиқади. Аммо шуғулланишга жой йўқ эди. Эндиликда бу спорт залда нафақат ёшлар, балки барча ёшу қари бирдек шуғулланади.

Шунингдек, 14 нафар фуқаро ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Маҳаллада фаолият кўрсатиб келаётган “Ёшлар кутубхонаси”га ҳожи оталар томонидан 500 га яқин янги адабиётлар тақдим қилинди.

- Жорий йилнинг 18 март куни давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида олис ва чекка маҳаллаларга махсус контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди, - деди туман ҳокими Ш.Йўлдошев. - Ушбу топшириқ ижроси бўйича туманимизда 23 та олис ва чекка қишлоқлар тиббий пунктларни ташкил қилишни белгилаб олгандик. Ҳозиргача туман марказидан узоқда жойлашган 15 та қишлоқда “Маҳалла тиббий пункти” ташкил қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Кейинги манзил - туманнинг “Омондара” маҳалласида “Чўнқаймиш тиббий пункти” бўлиб, бу маскан реконструкция қилинди.

Президент раислигидаги селектор йиғилишида берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими "Омондара" МФЙда ўтказилган йиғилишда ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш ва "Чўнқаймиш тиббий пункти"ни мукаммал таъмирлаш режалаштирилган эди. Туман марказидан 65 километр узоқликдан тоғлар орасида жойлашган ушбу пункт 130 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирланди.

Чўнқаймиш қишлоғидаги 217 та хонадонда яшовчи 1400 нафар аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммо, яъни тиббий хизмат олиш учун 23 километр масофа босиб сарсон бўлишига чек қўйилди. Шунингдек, вилоятдаги малакали тиббий мутахассислар ва туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари биргаликда Чўнқаймиш қишлоғи аҳлини тиббий кўрикдан ўтказди. Тиббий кўрик натижасида касаллиги аниқланган фуқароларга тегишли тавсиялар берилди.

- Шу йил Самарқанд тиббиёт институтини тамомладим, - дейди ёш шифокор Руслан Қувондиқов. – Ўзим Паст Дарғомданман. Иш фаолиятимни вилоятимиздаги олис ҳудудда бошлаяпман. Бу бинонинг олдинги аҳволи жудаям хароб ҳолга келиб қолган эди. Вилоят, туман ҳокимларининг кўмаги билан таъмирланиб чирой очди. Бу ерга ишлаш учун оилам билан келганман. Турмуш ўртоғим ҳам шифокор.