Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец лавозимидан озод этилди

ЎФА хабарига кўра, Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилишга қарор қилган.

Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоамиз бош мураббийи лавозимига муносиб номзод тайинлаш борасида иш олиб бормоқда.