Обод бўлмаётган "Обод қишлоқ"лар. Улардаги қурилишлар қачон битади?

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида ҳар йили вилоятимиз туман ва шаҳарларидаги инфратузилма объектлари, ижтимоий соҳани ривожлантириш, транспорт хизматларини яхшилаш, газ, сув, электр таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилади. Оддий қилиб айтганда, дастурга киритилган қишлоқ ёки маҳалла бутунлай замонавий қиёфага киради. Аммо дастурдаги барча қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам белгиланган ишлар тўлиқ бажарилмаяпти.

Таҳририятимизга Худойназар Тўрақулов шикоят аризаси йўллаб, Паст Дарғом туманида 2019 йилги “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган ишлар ҳамон якунига етказилмаганлигини билдирган.

- 2019 йилда Беклар ва Гўзалкент ҳудудлари “Обод қиш­лоқ” дастурига киритилиб, умумтаълим мактаби, иккита мактабгача таълим муассасаси, шифокорлар уйида қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилганди, - дейди Х.Тўрақулов. – Орадан уч йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, бу объектларда ҳамон қурилиш ишлари тугалланмади. Қурилиш-таъмирлаш харажатларининг 60 фоизи туман ҳокимлиги томонидан қопланиши кўзда тутилган. Аммо маблағ ажратилмагач, ишлар ўз ҳолича қолиб кетди. Чала қолган қурилиш-таъмирлаш ишларини якунига етказиш, бажарилган ва бажариладиган қурилиш-монтаж ишларини тўлиқ молиялаштиришни сўраб вилоят ҳокимининг ўринбосари, инжиниринг компанияси раҳбарияти, туман ҳокими номига 6 маротаба ёзма мурожаат қилдик. Ҳалигача ижобий натижа бўлгани йўқ.

2019 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишларнинг бажарилиши юзасидан шу ҳудуддан мақола тайёрлагандик. Ўшанда аҳолининг кайфияти, хурсандчилиги, эртанги кунга ишончи жуда юқори эди. Янги бинолар қурилиши, йўл, газ, сув, электр таъминотидаги ўзгаришлар, қишлоқ ҳудудининг замонавийлашиб, шаҳарга тенглашиб бораётганини кўргандик. Мурожаатни ўрганишга борганимизда афсуски, қурилиш ишлари ярим ҳолича қолиб кетганига гувоҳ бўлдик.

Беклар маҳалласидаги 56-мактабгача таълим муассасасида 90 нафар бола тарбияланган. Қурилиш ишлари якунига етгач, замонавий икки қаватли бинода 120 нафар болани қамраб олиши кутилганди. Қисқа муддатда янги бинога эга бўлишни ўйлаган мактабгача таълим муассасаси жамоаси вақтинча фаолият юритиб туриш учун фуқаронинг уйига кўчганди. Аммо уч йил ўтди ҳамки, «қисқа муддатли» қурилиш ишлари якунига етмасдан ўлда-жўлда қолиб кетди. Беклар маҳалласидаги шифокорлар уйи деярли битган, ҳатто ўша пайтда эшик-ромлар ҳам қўйилганди. Ўтарчи ва Беклар маҳалласидаги 7 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиши режалаштирилган шифокорлар уйи сўнгги пардозлаш ишлари якунига етмаганлиги учун бино фойдаланишга топширилмасдан қолиб кетди.

Тумандаги 103-мактабда 724 нафар ўқувчи ўқийди. 30 та синфдан иборат таълим муассасасида синфхона етишмаслигидан ўқувчилар икки навбатда ўқийди. Қишлоқ “Обод қишлоқ” дастурига киритилганда мактабда 120 ўринли қўшимча бино қурилиши ва спорт зални таъмирлаш режалаштирилганди. Дастур асосида 120 ўринли қўшимча ўқув биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Аммо мактабнинг спорт зали ҳамон муҳр босилган кўйи ёпиқ турибди.

- 2019 йил мактабимизда қўшимча ўқув хоналари ва спорт залимизни таъмирлаш режалаштирилганди. Аммо сентябрь ойигача фақат 120 ўринли қўшимча бино фойдаланишга топширилди, спорт зал таъмири эса қолиб кетди, - дейди 103-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Фаррух Ёрбобоев. – Қиш пайтида жисмоний тарбия фани об-ҳавога боғлиқ бўлиб қолган. Иссиқ кунлари ўқувчиларни ташқарига чиқариб дарс ўтамиз, совуқ кунларда эса синфхонада шахмат-шашка ўйнатамиз. Шу кунларда ҳаво иссиқ бўлганлиги учун спорт залнинг кийиниш хонасидан фойдаланиб турибмиз. Спорт залнинг полини янгилаш, ранглаш, тиббиёт ва ўқитувчилар хоналарини таъмирлаш, иситиш тизимидаги муаммолар туфайли жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ўқув қуроллари, тўплар, стол тенниси ракеткалари ва бошқа жиҳозларни ўзлари билан олиб юришади.

Ўқитувчиларнинг айтишича, спорт зални таъмирлаш мактабнинг ягона муаммоси эмас. Мактабдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари давомида янги қозонхона ўрнатиш ҳам кўзда тутилганди. Мактабда янги қозонхона ўрнатилган, лекин иссиқлик бермаётгани туфайли ҳамон қўлбола печлардан фойдаланилмоқда.

- Мактаб таъмири “Аҳмад мадад” қурилиш корхонаси томонидан олиб борилган ва бу ерда 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига 120 ўринли қўшимча ўқув биноси, иситиш тизими ва спорт зални таъмирлаш режалаштирилган, - дейди туман халқ таълими бўлими инспектори Ботир Номозов. – 600 миллион сўм маблағ молиялаштирилмаганлиги туфайли ишлар якунига етказилмасдан қолиб кетди. Туманда бу каби 4 та объектда қурилиш ишлари чала турибди. Мактабда иситиш тизимини янгилаш учун Фарғона вилоятидан табиий газ ва кўмирга мослаштирилган янги қозонхоналар келтирилган, лекин фойдаланишга қабул қилингани йўқ.

Дастурга киритилган ҳудудда ижтимоий соҳа объектлари, инфратузилма яхшиланиши, иш ўринлари яратилиши, маиший муаммолар бартараф этилиши кўзда тутилади. Дастурнинг асосий вазифалари - тиббиёт, таълим ва мактабгача таълим муассасаларида ишлар якунига етказилмаган бўлса, нима ишлар бажарилган?

- “Обод қишлоқ” дастури асосида маҳалламизда 2,3 километр бетон йўл, 5,3 километр ички йўлларимизга тош ётқизилди, янги сув иншоотлари қурилди ва таъмирланди, 8,3 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, тунги ёритиш тизими ўрнатилди, - дейди Беклар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғулом Умбаров. – Электр, газ, сув таъминотида яхши ўзгаришлар бўлди. Дастур асосида 103-мактабнинг спорт зали ва шифокорлар уйида қарийб ишлар якунланган, фақат 56-мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ишлари қолиб кетди.

Туманда 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган Гўзалкент қўрғони томон йўл олдик. Дастур асосида бажарилган ишлар юзасидан маълумот олиш учун маҳалла раиси, мактабгача таълим ташкилоти мудирасини тополмадик. Шундай бўлса-да, йўлларга бетон қопланган, янги қурилган маиший хизмат биноларини учратиш мумкин. Лекин масала бу эмас.

Мурожаатда келтирилган 46-мактабгача таълим ташкилоти тумандаги энг катта қамровга эга боғчалардан бири ҳисобланади. 1986 йил фойдаланишга топширилган мазкур муассасада 240 нафар бола қамраб олинган. Ҳозир эса 60-70 нафар бола учун 4 йилдан буён мудиранинг уйи вақтинча боғча вазифасини ўтамоқда. Таълим-тарбия олувчи болаларнинг аксарияти уй боғчалар ва яқин ҳудуддаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштирилган.

- 7-8 ойлик қурилиш ишлари натижасида бинода том янгиланди, ташқи ва ички таъмир ишлари бажарилганди, - дейди 46-мактабгача таълим ташкилоти қоровули Тойир Сувонов. – Олд ва орқа томондаги ўйин майдончалари устини ёпиш, йўлакларни бетонлаш, иситиш тизими, электр таъминотидаги ишлар қолганди. Аммо энди бажарилган ишлар ҳам йўққа чиқяпти, хоналарга сув ўтиб кетади, ишлатилган қурилиш материаллари сифатини йўқотди.

Хўш, дастурдаги ишлар нега якунига етказилмади, қурилишларнинг чала қолиб кетишига фақат маблағ етишмовчилиги сабабми?

- Президентимизнинг 2019 йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида туманимиздаги Беклар, Гўзалкент ва Эски Жума маҳаллалари танлаб олиниб, дастур бўйича бир қанча ишлар амалга оширилган, - дейди туман ҳокимлиги мутахассиси Дилшод Йўлдошев. – 9460 нафар аҳоли истиқомат қиладиган бу ҳудудлардаги 1300 та хонадонда таъмирлаш ишлари олиб борилган. 13 минг 200 метр ичимлик суви тармоғи тубдан янгиланган, 3 та сув иншооти таъмирланиб, 1 та иншоот янгидан қурилган. 3700 метр электр тармоғи тортилиб, 350 та устунлар ўрнатилган, 11 та трансформатор реконструкция қилинган. Гўзалкент маҳалласида 700 метр табиий газ тармоғи таъмирланди, 220 га яқин газ баллонлари тарқатилди. Бу маҳаллаларда 18 километрга яқин ички кўчаларга тош ётқизилган, 6 километр йўлга бетон қопламаси ётқизилган. Ижтимоий соҳа объектлари бўйича Беклар маҳалласида шифокорлар уйи, 56-мактабгача таълим ташкилоти қурилиши, 103-мактабда қўшимча бино қурилиши ва спорт зални таъмирлаш, иситиш тизимини янгилаш ҳамда 46-мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш белгиланганди. 103-мактабда 120 ўринли қўшимча бино қурилиши якунланиб фойдаланишга топширилган, мактабнинг спорт зали ва шифокорлар уйи, иккита мактабгача таълим муассасасидаги қурилиш-монтаж ишлари маблағ етишмовчилиги туфайли якунланмай қолган. Дастур доирасида бу ижтимоий соҳа объектлари учун жами 6 миллиард 411 миллион 800 минг сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилганди, шундан 2 миллиард 40 миллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур объектлардаги чала қолган қурилиш ишларини жорий йилда тугаллаш чоралари кўрилади.

Туман ҳокимлиги масъулларининг маълумотларига кўра, 2019 йилги “Обод қишлоқ” дастурига вилоят бўйича 55 та ижтимоий соҳа объекти киритилган. Бу объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун жами 85 миллиард 108 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, вилоятнинг 8 та туман-шаҳарларидаги объектлар учун жами 50 миллиард 570,8 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Яъни, 24 та умумтаълим мактаби, 11 та тиббиёт муассасаси, 20 та мактабгача таълим ташкилоти учун белгиланган маблағ 54 фоиздан 71 фоизгача молиялаштирилган. “Обод маҳалла” дастурига киритилган 12 та объектнинг 10 таси фойдаланишга топширилган бўлса-да, жами объектлар учун 89 фоиз маблағ молиялаштирилган.

Афсуски, бу маълумотлар қанчалик тўғри эканлигини аниқлаш ва ҳолатга ойдинлик киритиш учун ушбу дастурларга масъул бўлган вилоят инжиниринг компаниясига мурожаатларимиз жавобсиз қолди.

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари асосида ҳар йили қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш, ободонлаштириш ишлари бажарилади. Лекин қачонгача биттасини якунламасдан бошқасига қўл уриб кетаверамиз. Соҳага масъул раҳбарларнинг ҳисоботларида бу ишлар якунланганлиги эълон қилинади. Битказилмаган ишлар учун ёлғон ҳисоботлар бериб, йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган масалаларга вақтида ечим топилмаса, аҳолида ишончсизлик уйғонмайдими?

Ўктам Худойбердиев,
Бахтиёр Мустанов (фото).