“Обод қишлоқ”дан йўлланган шикоятга 65 кундан буён жавоб йўқ
Таҳририятимизга Каттақўрғон тумани Қўшқўтон маҳалласида яшовчи фуқаролар номидан Ғофур Самандаров электр таъминотидаги муаммолар ҳақида мурожаат қилди.
Унинг айтишича, маҳалладаги симёғоч, трансформатор ва бошқа воситаларнинг эскириб кетганлиги туфайли электр таъминотида узилишлар кўп бўлади. Ачинарлиси, шу маҳаллада яшовчи 18 хонадонга неча йилдирки электр энергияси ўтказилмаган. Маҳалла аҳолиси бу масала юзасидан кўп йилдан буён соҳадаги деярли барча ташкилотга мурожаат қилган, аммо бирор натижа бўлмаган. Жумладан, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ техник директори К.Оқиловнинг имзоси билан 2019 йил 1 июлдаги хатда ушбу маҳалла 2020 йилги дастур асосида электр таъминотидаги муаммолар бартараф этилиши айтилган.
Корхонанинг капитал қурилиш бўйича директори С.Мирзақуловнинг имзоси билан 2020 йил 4 мартдаги хатида Каттақўрғон тумани Қўшқўтон маҳалласида электр энергияси таъминотини яхшилаш учун Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини модернизация-реконструкция қилиш ва янгилаш тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, 2021 йил 1-чорагида электр тармоғи қурилиш ишлари режалаштирилган.
“Қорадарё электр таъминоти” корхонаси бошлиғи Г.Ишмуродов 2021 йил 28 апрелдаги хати билан мурожаат йўлланган маҳаллага трансформатор ўрнатиш ва электр симлари тортиш бўйича бу йилги дастур “тўлиб қолган”лиги туфайли 2022 йил 4-чорак якунига қадар давлат дастурига киритиш режалаштирилганлигини маълум қилган. Бошқа жойларга қилинган мурожаатлар ҳам деярли шу каби жавоблар билан қаноатланган.
Қўшқўтон маҳалласи 2021 йилги “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Дастурга асосан айнан электр таъминоти йўналишида паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш, 1,7 километр электр тармоғини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш, маҳалладаги Орзиобод қишлоғида паст кучланишли электр тармоғини янгидан қуриш белгиланган. Аммо фуқаролар ҳанузгача ишлар қоғозда қолаётганига эътироз билдириб таҳририятимизга мурожаат қилишди.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу мурожаатни шу йил 16 июнь куни Каттақўрғон тумани ҳокимлигига юборгандик, аммо ҳанузгача жавоб олмадик. Шунда оммавий ахборот воситасининг мурожаатига 65 кунда ҳам жавоб бермаган туман ҳокимлиги масъуллари оддий фуқаронинг арзига қулоқ осармикан, деган хулосага келдик. Қўшқўтон маҳалласида яшовчи фуқаролар нега кўп йиллардан буён уйларига электр тармоғи торта олмаётганликларининг сабаби шундамикан?
Ўктам Худойбердиев.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.