Одамлар Омбудсманга мурожаат қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Д.Ҳусанов Самарқанд шаҳридаги “Сўғдиёна” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли учун сайёр қабул ўтказди.
Унда дастлаб фуқаролар ўзларини ҳуқуқий масалаларда қийнаб келаётган муаммолари билан мурожаат қилди. Бу масалалар омбудсман ва фуқароларнинг ўзларини иштирокида ўрганилиб, тегишли тартибда ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Сўнгра электр таъминотидаги узилишлар, нимстанцияларни янгилаш, газ қувурларини тозалаш, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар, ширкат томонидан кўп қаватли уйларда бўлган таъмирлашдаги камчиликлар, моддий ёрдам ажратиш, ногиронлик аравачаси бериш ҳамда тиббий кўрикдан бепул ўтказилишида ёрдам берилиши билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилди ва ижроси назоратга олинди.
Сайёр қабул давомида Зуҳра Қирғизбоева аҳоли учун маданий хордиқ чиқариш учун эътибор берилишини сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаат вилоят ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда ҳал этиладиган бўлди ва шу куннинг ўзида автобус ташкил этилиб, шу маҳаллада яшаётган 52 нафар кексалар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар Самарқанд вилоят давлат мусиқали драма театрига олиб борилди. Улар бу ерда “Баҳодир Ялангтўш” спектаклини томоша қилди.
Қолган мурожаатлар ҳам тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш учун назоратга олинди.