Оиласида ҳунармандчиликни йўлга қўйганлар имтиёзга эга бўлади

Ҳунармандчилик билан оилавий шуғулланадиган фуқаролар энди оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағлар ҳисобидан 225 миллион сўмгача олиши мумкин.

Бу Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгиланди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Ж.Ўроқов ҳам қарор қабул қилди. Унга кўра, вилоятда аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, "Уста-шогирд" анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди.

Шу мақсадда Самарқанд вилоятида 2022 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича "Йўл харита"си тасдиқланди. 2022 йил 1 июнга қадар вилоят марказида ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар савдосига ихтисослашган ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо павильони ташкил этиладиган бўлди. Бунда:

- савдо павильонлари 150 квадрат метрдан кам бўлмаган майдонда, Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳа асосида ташкил этилиши;

- савдо павильонларини ташкил қилиш (қуриш) маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши;

- фойдаланишга топширилган савдо павильвонлари Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаларига оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилиши;

- савдо павильонлари орқали ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда реализация ва экспорт қилиш ишлари тизимли ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, 2022 йил 1 апрелга қадар вилоят маркази ҳамда ҳунармандчилик ривожланган туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказлари бинолари ёки унга туташ ҳудудларда доимий фаолият кўрсатадиган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ва савдо расталари фаолиятини йўлга қўйилади.

Таъкидлаш лозимки, энди имтиёзли кредитлар ҳунарманднинг талаби бўйича нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади. 2022 йилдан бошлаб “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга – шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда субсидия бериладиган бўлди.

Шу билан бирга, шогирдларга – мустақил фаолиятини бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиши, шунингдек, усталарга – интернет сайтларини ташкил этиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизига субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилади.