Оилавий можарога учинчи шахс аралашса маъмурий жавобгарлик белгилаш керак(ми?)
Айни пайтда республика миқёсида 231 та ФҲДЁ ҳамда Никоҳ уйлари фаолият кўрсатиб, уларда минг нафардан зиёд ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Хотин-қизлар қўмиталари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорликдаги ишлар ҳам анча яхшилангани, мамлакатда узоқ йиллар давомида никоҳи расмийлаштирилмай юрган 33 мингдан зиёд оилаларнинг расман ушбу идораларда қайд этилгани, ўз вақтида ушбу ҳужжатга эга бўлмаган 29 минг нафар болаларга туғилганлик ҳақида гувоҳномалар берилгани ижобий кўрсаткич. Аммо…
Самарқандда ўтказилган “ФҲДЁ органлари фаолиятида қонунийлик ва қонун ҳужжатларига риоя этишни таъминлаш, ФҲДЁ органларининг оилани мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилалар ажралишларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда фаол иштироки: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги республика семинарида шу масалалар муҳокама этилди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда фаолият кўрсатаётган ФҲДЁ бўлими мудиралари, Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари раислари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқиб, соҳага доир ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталди.
- Ижобий кўрсаткичлар билан бир қаторда ҳали ёшларни турмушга тайёрлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш борасидаги ишларимиз етарли даражада йўлга қўйилмаган, - деди Э.Боситхонова. – Хусусан, ушбу тузилмалар қошида ташкил этилган «Оила қурувчилар мактаби» фаолиятида умуман янги усуллар қўлланилмайди. Шунинг учун ФҲДЁ бўлимлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг вазифа ва мақомларини белгилаб бериш лозим.
Анжуман доирасида ФҲДЁ бўлимларини такомиллаштириш учун аниқ таклифлар айтилди. Шунингдек, оилавий ажралишларнинг олдини олиш борасида таклиф, мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, оилавий ажралишларда учинчи шахс аралашувининг кўпайганлиги, бу ҳолатда мавжуд қонунчиликка кўра, ушбу шахсга маъмурий жавобгарликка тортиш таклифи киритилди. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатларда истиқомат қилаётган фуқароларига нисабатан фуқаролик ҳолати билан боғлиқ ҳаракатлар соддалаштирилмаганлиги тилга олинди.
Семинар давомида Олий суд судьялари, Соғлиқни сақлаш вазирилиги вакиллари сўзга чиқиб, ҳамкорликдаги ишлар юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.