Ўлим жазосини қўллаш коррупцияга қарши курашда ёрдам берадими?

Ўлим жазоси дунёнинг кўп давлатларида қўлланилади. Ўлим жазоси бир вақтлар собиқ иттифоқ даврида ҳам мавжуд эди, бундай жазо ўта хавфли жиноятчиларга ва халқ душманларига нисбатан қўлланилган.

Айрим давлатларда қотиллар, одамхўрлар ва бошқа ашаддий жиноятчилар билан бир қаторда, ўзларининг қилмишлари билан давлатга ва жамиятга жиддий зиён етказаётган порахўрлар ҳам хавфли жиноятчилар қаторига киради. Коррупция учун ўлим жазоси кўпгина Осиё ва араб давлатларида қўлланилади, охирги йиллар ичида ушбу давлатларда ўнлаб порахўрларни нариги дунёга равона қилишди. Жазонинг бу тури айниқса, коррупция муаммоси билан кўпдан бери ва қаттиқ курашиб келаётган Хитойда кенг қўлланилади. 

Жазонинг бундай тури кўп давлатларнинг Жиноят кодексида кўрсатилган. Бироқ ўлим жазоси амалда ҳар доим ҳам қўлланилмайди, чунки ўлим жазоси вақт ўтиши билан кўплаб ривожланган мамлакатларда инсонпарварлик қадриятларига зид деб топилди ва умрбод қамоқ жазосига алмаштирилди. Бундан ташқари, агар мамлакатда ўлим жазоси мавжуд бўлса ҳам кўп ҳолларда ҳукм чиқариш ва уни ижро этиш ўртасида ўн йиллаб вақт ўтиши мумкин.

Ҳозирги кунда ўлим жазоси амалда қўлланилаётган 22 та давлат мавжуд. Булар: Афғонистон, Бангладеш, Бахрайн, Белоруссия, Миср, Иордания, Ироқ, Эрон, Яман, Хитой, Қуввайт, Малайзия, БАА, Покистон, Саудия Арабистони, Шимолий Корея, Сингапур, Сурия, Сомали, АҚШ, Жанубий Судан ва Япония.

Ушбу давлатларнинг кўпчилигида ўлим жазоси алоҳида ҳолат ҳисобланади ва жуда кам ҳолларда қўлланилади. Бироқ ўлим жазоси кенг қўлланиладиган давлатлар ҳам мавжуд ва ҳар йили ўнлаб баъзида эса юзлаб ўлим жазоси ҳукми ижро этилади. Мазкур жазони қўллашда Хитой, Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони, Сомали, Покистон ва АҚШ етакчилик қилишади.

Хитойда коррупция учун ўлим жазоси

Дунёда иқтисодий жиноят учун, хусусан коррупция ва порахўрлик учун ўлим жазосини қўллайдиган давлатлар янада кам. Бу борада энг кўзга кўринадиган давлат Хитой, гарчи мазкур жазо тури Таиланд, Эрон, Ироқ, Покистон, Шимолий Корея, Сингапур ва бир қатор бошқа давлатларда ҳам коррупциячиларга нисбатан қўлланилади.

Хитой коррупциячиларни қатл қилиш сони бўйича дунёда етакчилик қилади.  Бу мамлакатда ҳақиқатдан ҳам, дунёнинг бошқа ерида учрамайдиган жуда қаттиқ қонунлар амал қилади. Хитойнинг барча коррупциячилари уч гуруҳга бўлинишади: йўлбарслар, пашшалар ва тулкилар. Энг хавфлилари йўлбарслар ҳисобланишади – катта миқдордаги коррупцияга аралашган партиянинг йирик бошлиқлари. Пашшалар – жойлардаги майда порахўрлар, тулкилар эса – ўғирлаганларини чет элга олиб чиқиб кетишни уддасидан чиққанлар. 

Йўлбарсларни табиийки қаттиқроқ жазолашади. Хитой қонунчилигига биноан, ўлим жазоси фақатгина 463 минг доллардан ортиқ пора билан ёки давлат мулкини ўғирлаш билан қўлга тушган амалдорларга нисбатан қўлланилади. Мазкур қонун 2016 йилдан бошлаб қўлланила бошлади, шундан кейин коррупция учун отилганларнинг сони кескин камайди. 2000 йилнинг бошидан бери коррупция учун Хитойда 10 мингга яқин одам ўлим жазосига ҳукм қилинган ва отилган. Ҳозирда эса шунга ўхшаш ҳукмлар саноқли учрайди.

Эътиборлиси шундаки, жазонинг шафқатсиз шаклига қарамасдан Хитой ҳам, Сингапур ҳам ёки бошқа бир Осиё ёки араб давлатлари ҳам коррупцияга қарши рейтингнинг етакчиси ҳисобланишмайди. Биринчи ўринларни ультралиберал давлатлар, хусусан, Финляндия ва Дания эгаллашган. Мазкур давлатларда ҳам коррупция ва порахўрликка нисбатан ўзига яраша қаттиқ чоралар кўрилади, бироқ антикоррупцион сиёсатнинг асосини жамоатчилик тарбиясининг умуман бошқа усуллари ташкил қилади. Бу давлатларда пора олиш шунчаки жамоатчилик ахлоқи нуқтаи назарига тўғри келмайди, агар мансабдор коррупция ёки порахўрлик билан қўлга тушса, унга шунчаки мансаб курсиларига элтувчи барча йўллар ёпилади.

Бекзод Мусурмонов таржимаси.