Олимларнинг дастлаб ҳамма учун бемаъни туюлган ажойиб ғоялари
Энди эса ҳаётимизни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди
Илмий ҳақиқатни бошқалардан кўра олдин билиб олиш баъзан қийин синовларни бошдан кечиришга олиб келади. Кўпгина одамлар ўрнатиб қўйилган назарияларга ёпишиб олиб, уларни қайтадан ишлаб чиқишга зарурат йўқ, деб ҳисоблайди. Дейлик, улар инноваторни унинг тахминлари нотўғри эканлигига ишонтиришса яхши, бироқ, жамият олимларни масхара қилиб, уларни ақлдан озган деб эълон қилса, бу жуда ачинарли.
ADME нафақат инновацион ғояларни ўйлаб топишга журъат этганларнинг илмий даҳолигини, балки уларнинг ўз эътиқодини ҳимоя қилишдаги жасоратини ҳам қадрлайди. Бу довюраклар туфайли биз космосга учаяпмиз, вабо ва цингани даволаяпмиз ва шакар зарарли эканлигини тушуниб етиб, ундан воз кечишга ҳаракат килаяпмиз.
Жозеф Листер
Британиялик шифокор ва олим, антисептик жарроҳликнинг кашшофи. У биринчи бўлиб микроскопик организмлар операциядан кейин инфекцияни келтириб чиқариб, ёмон натижаларига олиб келишини тахмин қилиб, операциядан олдин қўл ювиш, асбоблар ва бемор терисини дезинфекция қилишни ёқлади. Листернинг замондошлари уни масхара қилишди ва энг нуфузли тиббий журналлардан бири “The Lancet” шифокорларни унинг ғояларига эҳтиёткорлик билан қарашга чорлади.
Жон Сноу
XIX асрда яшаган инглиз шифокори Жон Сноу ўша пайтда ҳукмрон бўлган вабо каби касалликларни “ёмон ҳаво” келтириб чиқаради, деган назарияга шубҳа билан қараган. У инфекция манбаи ифлосланган сув эканлигини исботлаш учун статистик маълумотларни тўплади. Танқидчилар унинг назариясини қаттиқ шубҳа остига қўйди, аммо 30 йил ўтгач, унинг ишлари эпидемиологик касалликларни даволашда асосий ҳақиқат сифатида олға сурилди.
2 Барри Маршалл
Физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори унинг назарияси ҳамма томонидан масхара қилинган вақт ҳақида сўзлаб берди: “Ҳамма менга қарши эди, лекин мен ҳақ эканлигимни билардим”. Ўз назариясини исботлаш учун ҳатто лаборатория сичқонлари устида тадқиқот ўтказиш имкониятига эга бўлмаган Барри ўзи устида тажриба ўтказди ва шифокорларнинг узоқ йиллик эътиқодига қарамасдан, ёғли ва аччиқ овқатлар ошқозон ярасининг сабабчиси бўла олмаслиги ва бунга фақат бактериялар айбдор эканлигига ишонтира олди.
Жон Юдкин
Диетолог ва “Соф, оппоқ ва заҳри қотил” китобининг муаллифи ўтган асрнинг ўрталарида шакарнинг зарари ҳақида тахмин қилган ва машҳур эътиқоддан фарқли ўлароқ, ёғлар эмас балки шакар истеъмоли семизлик, диабет ва юрак-қон томир касалликларига олиб келишини таъкидлаган. Бу огоҳлантиришлар жиддий қабул қилинмади, профессорнинг мавқеси унинг ҳамкасблари томонидан чиппакга чиқарилди ва фақат Юдкиннинг ўлимидан сўнг далиллар эшитилди ва назария тасдиқланди.
Роберт Х.Годдард
Космик асрга тамал тоши қўйган инсоннинг меҳнати нафақат олимлар, балки маккор журналистлар томонидан ҳам масхара қилинди. “The New York Times” нашри олимнинг ракеталар космосга учиши мумкинлиги ҳақидаги таклифини масхара қилиб каттагина мақола чоп этди. Тахминан ярим аср ўтгач, “Аполлон 11” космик кема учирилгандан сўнг, худди шу газета таҳририяти “хатосидан афсусдалиги” ҳақидаэслатмани чоп этди.
Георг Кантор
Тўпламлар назарияси яратувчиси немис математиги Георг Кантор ўзининг бу иши учун қаттиқ танқид қилинди. Олимнинг ўзи илмий фирибгар ва назарияси зарарли ва кулгили деб аталди.
Кантор умидсизликдан тушкунликка тушди. Деярли 40 йил ўтгач, Лондон Қироллик жамияти Канторни математик тадқиқотлар учун бериладиган энг юқори мукофот - Сильвестр медали билан тақдирлади. XIX–XX асрларнинг энг нуфузли математикларидан бири Девид Гилберт эса у ҳақда: “Ҳеч ким бизни Кантор яратган жаннатдан ҳайдаб чиқара олмайди”, деган эди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.