Олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий қилинади

Маънавият ҳар қандай замонда инсониятнинг бирламчи ва асосий эҳтиёжи бўлиб, унга ҳамиша зарурат сезилади. Маънавият – гўзал сабрни, нафсни тийиш ва енгишни, умуман барча иллатларга қарши тура олишни ўргатади.

Ўз тарихи, илм-фани, қадриятларига ташна халқ учун маънавиятнинг сингдирилиши яхши натижаларга олиб келиши зарур эди. Аммо мустақилликдан кейинги йилларда ҳам бу борадаги эҳтиёжлар тўлақонли қондирилмади. Маънавият - олий ахлоқий тушунчалар мажмуи сифатида қаралди.

Охирги йилларда ижтимоий тармоқларда бонг уриб, аҳолини ўзига жалб этиб келаётган, турли кўриниш ва мазмундаги эътирозларга сабаб бўлаётган “маънавият” тушунчаси инсон яралгандан буён унинг руҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган заруратдир. Тор маънода, маънавият ҳар бир инсон билан биргаликда туғилади: дунёга келган гўдак руҳияти покиза, фитрати тоза бўлади. У оила ва жамият, моддият ва илоҳиёт таъсирида шаклланади, ривожланади, ўзгаради, ўсади. Бу маънавиятнинг индивидуал жиҳатлари саналади. Кенг маънода эса, маънавият умумийликни, миллийликни, давомийликни, барқарорликни намойиш қилади.

Жамиятда маънавиятни юксалтириш тезда амалга ошадиган ишлар сирасига кирмайди. Маънавиятни юксалтириш учун, аввало, шароит яратиш зарур. Айнан шу борада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиши ва топшириқлар берилиши маънавиятни юксалтиришга қаратилган эътибордан далолатдир.

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида “Тарбияда танаффус бўлмайди, деймиз. Лекин, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда бу қоидага амал қилинмаяпти. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла – ҳар бири алоҳида иш олиб боряпти. Шунинг учун маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, унда ҳар бир масъул идоранинг вазифаси ва биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирларини аниқ белгилаб қўйиш зарур”лигини таъкидлаб ўтди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган асосий масалалардан бири шу йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналишда етук кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқларнинг берилиши, олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий қилиниши бўлди.

Маънавий-маърифий ишларга эътиборнинг янада кучайиши олий таълим тизимида жисмонан соғлом, ақлан етук, дунёқараши теран ва мустақил фикрловчи баркамол ёшларнинг кўпайишига олиб келади.

Зайниддин Қаршиев,

ТАТУ Самарқанд филиали директори вазифасини вақтинча бажарувчи.