Онажон, бу галги юрак сўзимни, сенга бағишладим, сенга, азизам!

Халқ орасида машҳур бўлган ушбу шеър муаллифи, шоир ва драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Душан Файзий ҳаёт бўлганида бугун 96 ёшни қаршиларди.

Душан Файзий 1927 йил 5 февралда Қизилтепа туманида туғилган.

Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимида, вилоят телевидение ва радиоэшиттириш қўмитасида, СамДУда проректор, «Имом Бухорий» халқаро хайрия жамғармасида ишлаган.

Шоир сифатида «Туғилган куним», «Қалбим сеники», «Наво», «Ёр хаёли», «Онаизор», «Буюклик», «Самарқанднома», «Севгилим» каби шеърий тўпламлар нашр эттирган. Драматург сифатида эса «Зарафшон қизи», «Биринчи учрашув», «Келин келди», «Қорасоч», «Ғазал ва муҳаббат», «Ўн етти ёшлилар» ва бошқа саҳна асарлари яратган.

Душан Файзий 2009 йилда вафот этган.

Қуйида шоирнинг шеърларидан намуналар ўқийсиз.

ОНАЖОН
Онажон, бу галги юрак сўзимни,
Сенга бағишладим, сенга, азизам!
Йўқ-йўқ сўзим эмас, балки ўзимни,
Сенга бағишладим, сенга, азизам!

Сен мени яратдинг, раҳмат онажон,
Ҳадя этдинг мени ёруғ дунёга.
Яратдинг, қалбингдан бағишладинг жон,
Кўзимни тўлдирдинг нури-зиёга.

Қанча сўқмоқлардан ўтдинг етаклаб,
Ошно қилдинг мени ҳаётга, элга.
Баъзан изларингдан юрдим эмаклаб,
Сен мени бошладинг инсоний йўлга.

Баъзан сен парвона, мен чироқ бўлдим,
Сен чироқ бўлганда бўлдим парвона.
Койисанг йиғладим, эркаласанг кулдим.
Шу зайл бағрингда улғайдим, она.

Сенга икки қўллаб талпиндим доим,
Баъзан беланчакдан, баъзан бешикдан,
Бағрингга интилдим, қуёшим, ойим,
Баъзан девор оша, баъзан эшикдан.

Ҳа, сенга интилдим, интилдим сенга,
Қалбим боғлиқ экан қалбинг торига,
Мен сенга интилдим, сен эса менга,
Шукур қилай бу дунёда онам борига.

Қўлларим кўксимда қиламан таъзим,
Сен ахир қалбингдан қон бердинг менга.
Ўзингдан ўзингман, кўзингдан кўзим,
Сен ахир жонингдан жон бердинг менга.

Фарзандлик бурчим бу сенинг қаршингда,
Эгиламан бошим ерга етгунча,
Бир умр парвонанг бўлай бошингда,
Кўз юмуб дунёдан тамом ўтгунча....

НЕЧА КУНКИМ
Неча кунким, паришондир хаёлим,
Неча кунким, дилим эрур ғаш.
Наҳот, бир сўрамадинг, нигоро, ҳолим,
Вужудим ёндирар пинҳоний оташ.
Кимнидир кутади безовта кўнгил,
Кимнидир излайман бўм-бўш хонада.
Изтироб чекади хонамдаги гул,
Тўкилган баргларин кўриб ёнида.
Эшикка жавдираб қарар кўзларим,
Тиқ этса севинчдан энтикар юрак.
Баъзида адашиб кетар сўзларим,
Начора, бугун ҳам бўлмади дарак?!
Кўзимга тор этиб сўнгсиз дунёни,
Жавонда китоблар туришар қатор.
Тошойна излайди таниш сиймони,
Сукутда турмишдир чанг босган дутор.
Тонг отар, кун ботар – ўтар бугун ҳам,
Ҳар дақиқа менга туюлар бир йил.
Оромимни олмиш ҳасрату алам,
Кимнидир кутади безовта кўнгил.