Оқдарё пахта териш машиналари, трансформатор, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш
туман ҳаётидаги шу каби айрим янги факт ва рақамлар хусусида суҳбат
Аслида ҳудуд бошқа маъмурий бирликларга нисбатан дарёга яқинлиги, катта бўйида жойлашгани, ер майдони нисбатан ихчамлиги билан ажралиб туради. Аммо ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва бошқа соҳалар ҳақида гап кетганда ижобий фикр билдириш нисбатан қийин бўлганлиги ҳам бор гап.
Мулоқот давомида Оқдарёда бир неча йилдан буён ҳокимлик қилаётган Шерзод Қудратовдан кўпчиликни қизиқтирадиган бир неча саволларимизга жавоб олдик.
- Шерзод Асатович, яқинда тумандаги кичик саноат зонасининг бир қисми тугатилаётгани хабар қилинди. Ҳолатни қандай изоҳлайсиз? Туман мутасаддиларининг сусткашлиги оқибати эмасми, бу?
- Бугун маълум бир раҳбарлик лавозимидаги ҳар қандай одам шу жамият, шу халқнинг бир вакили. Жумладан, мен ҳам. Шу сабаб, ватандошларимиздан бир нарсани – у марказий ёки ҳудудий ҳукумат бўладими, қайсидир қарори ўзгартирилса, бу айнан хатолик оқибати, сусткашлик сабабли, деган хулосага келмасликларини сўрардим.
Бу гап Оқдарё туманидаги кичик саноат зоналаридан бирининг маълум қисми тугатилишига ҳам тегишли. Чунки, ҳудудимизда 42,7 гектар ер майдонига эга 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилган. Хусусан, 14,1 гектар ер майдонида жойлашган “Даҳбед” ва “Бошдархон” кичик саноат зоналарида 35,9 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа амалга оширилган. Яратилаётган қиймат, маҳаллий бюджетга тушумдан ташқари, уларда 294 киши иш билан таъминланган. Ушбу корхоналарда мебелчилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда бошқа саноат турлари бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Масалан, “Аmonov mebel textil” оилавий корхонаси томонидан катталар ва болалар учун мебеллар, “NEW PACK” масъулияти чекланган жамияти эса сув ва яхна ичимликлар, “HAKIM BOBO GRAND” масъулияти чекланган жамияти замонавий эшик-ромлар тайёрлаб, бозорга чиқармоқда.
Жами 21 гектар майдонда янги ташкил этилган Амир Темур ва Янгиқўрғон кичик саноат зоналарида инфратузилма тармоқлари шакллантирилиши билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда. Инфратузилма талаблари тўлиқ шаклланиши билан ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилади.
Оддийроқ айтганда, тадбиркорлар учун имтиёзли ҳудуд саналган кичик саноат зоналарида давлат томонидан барча шароит яратиб берилади. Лекин ўз навбатида у бюджетга ортиқча юклама бўлмаслиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Янгиравот” кичик саноат зонасидаги 5 гектар, "Бозоржой" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2,6 гектар ер майдони йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникация инфратузилмаси ҳамда туман марказидан узоқлиги учун янги инфратузилма яратиш харажатлари юқори. Яъни, бу кичик саноат зоналари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаслиги ҳисоблаб чиқилди ҳамда тегишли ташкилотлар билан биргаликда тугатишга таклиф берилди.
- Хитойга уюштирилган хизмат сафари давомида Оқдарё тумани вакиллари бирон бир келишувларга эришгани ҳақида ўқимадик, эшитмадик...
- Тўғри, бу масалада мас-медиада фаоллик кўрсатилмади. Лекин Чин ўлкаси билан қатор манфаатли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном районига жорий йилнинг 22-27 июль кунлари бўлган хизмат сафари давомида қиймати 500 миллион долларга яқин 30 дан ортиқ келишувлар имзоланган. Бугунги кунгача меморандум имзолаган тадбиркорлик субъектларидан 7 тасининг вакиллари туманга келиб, галдаги вазифалар бўйича фикрлашиб кетди.
Қайд қилиш лозим, Хитойга сафарларимиз ўз натижасини бермоқда. Бугунги кунда 3 та корхона томонидан тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилиб, ҳисоб рақамлари очилган. Улар учун ер ва бино-иншоотлар ижараси ҳал этилиб, асосий фаолият бўйича ишларни бошлаб юборишган.
Мисол учун, жаноб Ҳу Ю Лонг томонидан лойиҳа қиймати 2 миллион доллардан ортиқ бўлган қишлоқ хўжалиги техникаларида хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу мақсадда июль ойида “HYL AGRICULTURE MACHINE” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, хорижий инвестициялар ҳисобига терим машиналари келтирилмоқда. Жорий йилда 1500 гектар ер майдонидаги пахта терим машиналарида йиғиб олинмоқда.
Пичоқчи маҳалласида "Т-Натс" корхонаси томонидан қиймати 1 миллион долларлик ёндиргич (зажигалка) ишлаб чиқариш лойиҳасининг дастлабки босқичи бошланди.
Ву Лин Хоним билан "LIN CAPITALS" қўшма корхонаси ташкил этилиб, ичимлик сувлари ва қоп ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича "Ургут" эркин иқтисодий зонаси "Чорбоғ-2" филиалидан ер олиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Умуман, туман салоҳиятидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш саноати йўналишларида ҳамкорлик қилиш чоралари кўриляпти. Хусусан, Жангсу провинциясининг “Jangsu Shuming Elektrik Ekipment” корхонаси томонидан қиймати 5 миллион долларлик лойиҳа асосида трансформатор ишлаб чиқариш масаласи ўрганиляпти. Бундан ташқари, “Jangsu Guyfeng Spetsialstel” корхонаси билан қоғоз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Сюйчжоу провинциясидан “Jangsu Dongsheng Ekoligkal Agrikultur Development” корхонаси билан имзоланган меморандум доирасида 16 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Яна бир маълумот. Хизмат сафари давомида Шинжон-Уйғур автоном районининг Карамай шаҳри мэри жаноб Чэн Кайнинг таклифига асосан икки ҳудуд ўртасида биродарлашиш меморандуми имзоланди. Бу ўз навбатида икки томон бизнес вакилларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун яна бир имконият бўлиши шубҳасиз.
- Давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда тумандаги иқтисодий кўрсаткичлар ёмонлигини танқид қилинган эди. Ўтган давр мобайнида ўзгариш бўлдими?
- Президент ўтказган йиғилишда Оқдарё тумани бюджетга солиқ тушумлари камайган ҳудудлар қаторида саналди. Аниқроғи, бизда айни масалада ўсиш суръати паст бўлган. Бунда асосий масалалардан бири шуки, 23 та корхона 2023 йил 6 ойида бюджетга солиқ тўловлари тўлаган. Ушбу корхоналар жорий йилда қўшимча қиймат солиғи тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган ва тўланган солиқ тўловлари маҳаллий бюджетга тушмаган.
Бундан ташқари, 80 га яқин корхона банкрот ҳолатига ҳамда ихтиёрий тугатиш жараёнига тушган.
Албатта, давлат раҳбарининг танқидий йиғилишидан кейин хулоса қилиб, солиқ тушумларига алоқадор бўлганларга чоралар кўрилди. Жумладан, 3 нафар ҳоким ёрдамчиси ва 4 нафар солиқ инспектори эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди. Бундан ташқари, 2 нафар ҳоким ўринбосари ва 7 нафар солиқ органи ходими маъмурий жавобгарликка тортилди.
Асосийси, йил якунига қадар тушумларни 140 фоизга бажариш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, кам ҳажм кўрсатаётган 324 та тадбиркорлик субъектини қайта ўрганиш ва муаммоларини тизимли равишда ҳал этиб, 100 фоиз қувватда ишлашини таъминлаймиз.
Норасмий фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини легаллаштириш орқали солиқ базасини кенгайтириш ҳам асосий масалалар сирасига киради.
Бундан ташқари, 2083 юридик шахснинг 22,7 миллиард сўм, 11 минг 288 нафар жисмоний шахснинг 11,1 миллиард сўм солиқ қарздорликларини ундириш чоралари кўриляпти.
Бугунги кунда ушбу қарздорликларни ундириш бўйича маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ундирилган тушумдан бир қисми маҳалла бюджетига қолиши ва ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига ишлатилиши белгиланган.
- Ҳудудлар тоифаларга ажратилган вақтларда ҳам туман яхшилар тоифасига кирмаган. Шу маънода сўнгги йилларда туман иқтисодиётида амалга ошган қандай янгиликларни санаш мумкин?
- Рост, бундан 5-6 йиллар аввал, яъни 2018-2019 йилларда туманимиз иқтисодиёти кўпам яхши бўлмаган. Лекин 2021 йилдан бошлаб иқтисодиёт билан боғлиқ бирон бир соҳа қизил тоифага тушмади.
Туман иқтисодиёти сўнгги йилларда сезиларли ўсди, дейишга асосларимиз бор. Жумладан, 2024 йил 1 январь ҳолатига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 717,5 миллиард сўмни ташкил этиб, 2022 йил аввалига нисбатан 121 фоизга ошган. Бугунги кунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш аҳоли жон бошига 4,2 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Шунингдек, хизматлар кўрсатиш 965,9 миллиард сўмни ташкил этган ва 2022 йил бошига нисбатан 150 фоизга ошган. Бугунги кунда хизматлар кўрсатиш аҳоли жон бошига 5,7 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Туманнинг асосий драйвери - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 3 триллион 307 миллиард сўмни ташкил этган. Аҳоли жон бошига 19 миллион сўмдан тўғри келмоқда. Етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг вилоятдаги улуши 6,5 фоизни ташкил қилиши соҳа салмоғини кўрсатиб турибди.
Яна бир маълумот, олти ойлик асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга кўра, Оқдарё 16 шаҳар ва туман ичида саноат соҳасида 8-ўринда, чакана савдо айланмаси бўйича 7-ўринда, жами хизматлар бўйича 6-ўринда, қишлоқ хўжалигида 3-ўринда қайд этилди.
Мухтасар айтганда, юртимизда тадбиркорларга яратилаётган қулай шароитлар, берилаётган имтиёз ва преференциялар натижасида туман иқтисодиётининг ўсиш суръати бўйича вилоятнинг илғор туманларидан бирига айланмоқда.
- Албатта, юқорида келтирилган факт ва рақамлар бевосита бўлса-да, аҳолининг турмуш тарзига алоқадор эмас. Шу жиҳатдан, суҳбатимизни аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ҳақида давом эттирсак. Чунки мазкур масалада Оқдарё тумани вилоятда энг паст кўрсаткичга эга эканлиги ҳақида эшитгандим.
- Тўғри, нисбатан ихчам ҳудуд бўлганига қарамасдан узоқ йиллар ҳудудда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмаган. Мисол учун, 2021 йилда ҳам аҳолининг ичимлик суви билан таъминланган даражаси 31,4 фоизни ташкил қилган. Бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 52,7 фоизга етди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида туманда 14 минг 832 хонадон, яъни 70 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бунинг учун 53 та (8 таси носоз) сув иншооти ва 169 километр (4 километр носоз) тармоқ ишга туширилди.
Жорий йилнинг 3-чораги якунига қадар 5 та мактаб ҳамда 3 мактабгача таълим ташкилотини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида алоҳида сув иншооти (мавжуд сув иншоотига уланади) ва тармоқ тортилиши белгиланган.
Шунингдек, Оқдарё маҳалласи Бутанош-1 қишлоғида сув иншооти ва 2,2 километр тармоқ тортиш, қурилиш-монтаж ишлари белгиланган. Шу кунларда Ойтамғали қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 3,6 километр тармоқ ётқизиб, 150 хонадонни илк бор тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
- Аввалроқ туман марказидаги ёйма савдо жойлари ижтимоий тармоқларда танқид қилингач, мутасаддилар “Экобозор” очилишини билдирган эди. Бироқ ўтган вақт давомида мазкур лойиҳа тақдири номаълумлигича қолди...
- Тўғри, бир неча йил аввал ҳақиқатдан бозор ҳудудида ёйма савдо нуқталари бор эди ва бир неча бор ижтимоий тармоқларда танқид қилинган эди. Шундан сўнг бозорни туман марказидан ташқарига олиб чиқиш масаласи режалаштирилганди. Аммо аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олиб, бозорни жойида қолдириш ва замонавий шарт-шароит яратиш белгиланди. Шундан сўнг, бозор инфратузилмасини замонавийлаштириш борасида амалий ишларга киришилди.
Жумладан, буюм бозори ҳудудидан янги замонавий усти ёпиқ расталар қурилди. 177 та савдо дўкони таъмирланди. Ёғингарчилик кунларида бозор ҳудудида оқова сувлар тўпланиши муаммо бўлиб келаётган эди, сув чиқиш лотоклари ўрнатилди. 250 кВалик янги трансформатор қўйилиб, электр таъминоти яхшиланди, иккита сув насоси ўрнатилди
Бундан ташқари, буюм бозорига қарашли Янгиқўрғон филиалида 238 та савдо ўрнига мўлжалланган янги расталар бунёд этилиб, бозорнинг 7000 квадрат метр ҳудудига асфальт ва 3000 квадрат метр ҳудудига шағал ётқизилди. Шунингдек, аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида деҳқон бозори ҳудудида майдони 320 квадрат метр бўлган автотураргоҳ қурилди. Бозорнинг савдо расталари тўлиқ қайта таъмирланиб, гўшт маҳсулотлари сотиш павильонлари санитария талаблари даражасида қайта таъмирланди.
Бир сўз билан айтганда, бозорларимизда замонавий қиёфага эга бўлиб, сотувчи ва харидорларга қулай шароитлар яратилмоқда.
- Ҳудудий Кенгаш ташаббуси билан одамлар ҳаётида ўзгариш ясаган қандай ўзгаришни айта оласиз? Кенгаш, аниқроғи, депутатларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш учун туманда қандай ишлар амалга оширилди?
- Депутатларнинг асосий ва энг катта иши, бу бюджетни тақсимлаш, орттирилган даромадларни йўналтириш бўлиб, биргина 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га биринчи мавсум учун 2 миллиард 277 миллион 893 минг сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, I чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан салкам 227 миллион сўм маблағ, II чорак даромадлар режасини ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 602 миллион 909 минг сўм маблағ “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га ажратилди.
Бундан ташқари, депутатлар таклиф ва ташаббуслари билан 1 январь ҳолатига ҳосил бўлган туман маҳаллий бюджетининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан туман мудофаа ишлари бўлими биносини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биноси ҳамда 43-сон маданият марказини жорий таъмирлаш учун маблағ ажратилди.
Аҳоли ўртасида депутатлар ўтказган сайёр қабулларда тушган мурожаатлар асосида маҳаллалардаги ички тош йўллардан 17 километри асфальтлаштирилди, қишлоқлардаги 32 километр тупроқ йўллар шағаллаштирилди. Туманнинг Ўзбекистон маҳалласидаги Қозоқхўжа қишлоғини Пайариқ тумани билан боғловчи Оқдарё устидан ўтган иккита кўприк ҳамда Истиқлол маҳалласини Паст Дарғом тумани билан боғловчи, Қорадарё устидан ўтган кўприк янгидан қурилди.
Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.