"Оқибати хунук бўлади": АҚШ санкциялар билан яна бир бор огоҳлантирди, Россия эса ҳарбий ҳаракатлар режа йўқлигини маълум қилмоқда
Агар Россия Украинага қарши тажовузини давом эттирса, оқибати ёмон бўлади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Америка дипломатияси раҳбари Москвага қарши “кенг қамровли санкциялар” талаб этилмайди, деган умидда.
Блинкен Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Америка томони Москванинг Европадаги хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига ёзма жавоб бермаслигини тасдиқлади.
«Мен ташқи ишлар вазири Лавровга ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмайман. Биз қаерда турганимизни кўриб чиқишимиз ва дипломатия ҳамда мулоқотни давом эттиришга ўрин бор-йўқлигини аниқлашимиз керак», деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
Дмитрий Кулебанинг айтишича, Россия унга қарши эҳтимолий санкциялар нафақат таҳдид, балки потенциал ҳақиқат эканлиги ҳақида аниқ сигнал олиши керак.
«Россиянинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари босилишида ушбу музокаралар муваффақиятли ва конструктив бўлиши биз учун жуда муҳим. Украина ҳеч қандай ҳужум операциясини режалаштирмаяпти. Биз фақат ҳимоямизни кучайтириш устида ишлаяпмиз» деди Кулеба.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков фикрига кўра, Европа хавфсизлиги соҳасидаги вазият кескин. Ва бунда бошқа «ишлар»и қатори Украинадан Россияга босим дастаги сифатида фойдаланган Вашингтон ва НАТОнинг ҳиссаси катта.
«Мен ҳақиқатан ҳам Европада ёки бошқа жойларда каттароқ уруш бошланиши хавфи йўқлигига ишонаман. Биз тажовузкор характердаги ҳеч қандай ҳаракатни хоҳламаймиз ва қилмаймиз. Биз ҳужум қилмаймиз, зарба бермаймиз ва иқтибос келтираман - Украинага босқинчилик ёки бошқа нимадир қилмаймиз», деди Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари.
Ғарб эса Кремль Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётганини, чегара яқинида Россия кучлари тўпланиши кучайганини қайд этмоқда.
Ваҳоланки, Москва бундай режаларни бир неча бор рад этиб, ўз ҳудудида қўшинлар ҳаракатланиши мамлакатнинг соф ички иши эканини айтиб келмоқда.
Яқин орада НАТО мамлакатлари томонидан Норвегия ва Норвегия денгизи ҳудудида Украина иштирокида "Совуқ жавоб-2022" ва Беларусда Россия билан "Иттифоқ қатъияти-2022" ҳарбий машғулотлар бошланади.