Ўқитувчиям одам...ми?
![](https://static.zarnews.uz/crop/6/8/720__80_6821b1ae32587bce4be0b585f5c0ccc4.jpg?img=self&v=1739606864)
Ижтимоий тармоқларда аёл мактабга келиб фарзандининг ўқитувчисини уриб ташлагани ҳақидаги видео тарқалди. Битта-иккита бўлса майли, касалдир, нуқсони бордир, дейсан. Афсуски, жуда кўп ота-оналарда ўқитувчига шунақа муносабат. Бу - синдром.
Ўқитувчининг ҳурмати тўғрисида қонун қабул қилинган жамиятда шунақа синдром. Коса оқармаслик газга эмас, шунақа кимсалари кўп жамиятга нисбатан айтилганда тўғрироқ бўларди.
Сирдарё туманидаги мактаблардан бирида ўқувчилар кўзи олдида бўлган бу ҳолатни оқлаб бўлармикан? Ҳолат содир бўлган куннинг эртаси куни эса у аёл жаҳлим чиққани боис шундай қилдим, дея узр сўраб чиқди. Ўқитувчининг ўқувчилари, бутун эл олдида обрўсини тўкиб, биргина узр айтиб, жазодан озод бўлиб кетиш инсофданмикан?
Рости, жамият аъзоларининг умумий савияси ошмагунча, ривожлана олмаймиз. Ишга етиб боргунча, бунга ўхшаган ҳолатларнинг нечтасини кўрамиз, асабийлашамиз. Шофёрдир, йўловчидир, бошқадир. Биз фақат ўтмиши билан мақтанадиган, бугуни жуда саёз ва келажаги қоронғу халққа айланиб боряпмиз.
Аслида ўқитувчининг ҳурматини сақлаш ёки шунга ўхшаш бошқа тоифалар учун (ИИБ ходимлари учун алоҳида қабул қилишмоқчи бўлишди) алоҳида қонунларнинг қабул қилиниши нотўғри. Қонун ишламаяпти деган сигнал бу. Чунки шахсий дахлсизлик қонунларда бор ва бу ҳамма тоифа учун амал қилиши керак. Демак, битта қонун яхши ишламаган жойда иккинчи қонун қабул қилинади ва оқибатда ишламайдиган қонунлар сони яна биттага кўпаяди.
Муаллимларга бўлаётган бу каби муносабатларни кўриб, беихтиёр «Ўқитувчиям одамми ўзи, одам бўлса нега унинг ҳурматини жойига қўймаяпмиз», дегинг келади.
Умид Хўжамқулов,
педагогика фанлари доктори, профессор.