Ўсимлик ёғи нархи нега ошяпти?
Кейинги бир неча ойда мой ва шакар нархи бирмунча ошди. Хўш, нарх ошишига нима сабаб бўлди, ишлаб чиқаришда муаммо борми, импорт қисқардими ёки хомашё тақчиллиги юзага келдими?
Рақамларга қарайдиган бўлсак, жаҳон бозорида ўсимлик ёғи нархи йил давомида 86 фоизга, йил бошидан буён эса 21 фоизга қимматлашган.
Ўзбекистонда ўсимлик ёғи истеъмоли йилига 460 минг тоннани ташкил этади ва унинг ярми импорт ҳисобига қопланади. Улар асосан Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа МДҲ давлатларидан импорт қилинадиган маҳсулот ҳисобига ички истеъмол эҳтиёжи қопланади.
Кузатувларга кўра, ўсимлик ёғи нархи ўсиши 2020 йил сўнггида бошланган. Бунда асосан импорт қилинаётган ўсимлик ёғи қимматлашгани боис бошқа мойларга ҳам таъсир кўрсатган. Аҳолининг истеъмол талаби ва бозордаги нарх-навонинг кескин ошиб кетиши ортидан 1 майдан ўсимлик ёғи импортига қўшилган қиймат солиғи бекор қилинди. Яъни, ўсимлик ёғи, кунгабоқар, зиғир ва соя уруғи импортига қўшилган қиймат солиғи бекор қилиниб, кунгабоқар ва пахта ёғи ҳамда уларнинг уруғларига экспорт божлари жорий этилади.
Хўш, мазкур тартибдан кейин ушбу маҳсулотларнинг нархида қанчалик ижобий ўзгаришлар бўлди?
Мана, “Сиёб деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятидаги улгуржи савдо масканларидамиз.
- Кейинги бир неча кунда шакарнинг нархи бироз тушди, - дейди Акмал исмли сотувчи. – Аввал бир қоп шакарни 425 минг сўм сотган бўлсак, ҳозир 400 минг сўмдан сотяпмиз. Чунки биз улгуржи оладиган жойларда нархлар тушди. Ўсимлик ёғига келадиган бўлсак, бу маҳсулотда ҳам бироз нархлар пасайди, лекин кўп эмас. Масалан, аввал 70-75 минг сотилган 5 литрлик ўсимлик ёғи ҳозир 60-65 минг сўм сотиляпти. 1 литр пахта ёғи 16-17 минг сўм ўрнига 15 минг сўмдан сотилмоқда. Нархи, сифатига қараб пахта ва ўсимлик ёғи 85-95 минг сўмгача сотиляпти, аввал (5 литр) 105 минг сўм сотилган ўсимлик ёғи бир неча кундан буён 100 мингдан сотувга чиқариляпти. Аммо ҳозир ҳам Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулот (5 литр) 105-110 минг сўм, маҳаллий маҳсулот эса пахта ёғи (5 литр) 82-83 минг сўмгача, кунгабоқар ёғи (5 литр) 98-105 минг сўмгача сотилмоқда. Аввало, қайси давлатда ишлаб чиқарилган бўлса ҳам сифати юқори маҳсулот қиммат. Юртимизга асосан Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон давлатларидан хомашё кириб келиши ва маҳаллий корхоналар катта ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқаришининг ҳисобига нархлар барқарор сақланарди. Ўтган йили бу давлатларда ҳам ҳосилдорлик яхши бўлмаганлиги туфайли хомашёда тақчиллик кузатиляпти. Ушбу маҳсулотлар импортига солиқ ва божхона енгилликлари берилгани билан ўша давлатларнинг ўзида маҳсулот кам ва қиммат. Шу боис нархлар юқорилигича қолмоқда. Ўз дўконим мисолида оладиган бўлсам аввал 5 литрлик қадоқланган ўсимлик ва пахта ёғидан кунига 70-80 тагача сотган бўлсам, ҳозир кунига 20-25 литр маҳсулот сотяпмиз.
Вилоят божхона бошқармаси маълумотига кўра, 2021 йилнинг 4 ойида вилоятимизга 21 тонна ўсимлик ёғи импорт қилиниб, савдога чиқарилган. Вилоятимиздаги учта ишлаб чиқарувчи корхона томонидан 8213 тонна хомашё импорт қилинган.
26 апрель – 2 май кунлари "Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси" акциядорлик жамиятининг барча савдо платформаларида 1 817,4 миллиард сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 10,7 фоизга кўпдир.
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 8 047,0 тонна пахта ёғи қўйилган бўлса, шундан 6 902,0 тонна, яъни 85,8 фоиз ҳажмдаги пахта ёғи сотилган. Электрон савдоларда иштирок этган харидорларнинг ўртача кунлик сони 130 кишини ташкил қилди.
Бу даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 15 004,1 минг сўмдан 17 228,7 минг сўмгача, яъни 14,8 фоизга кўтарилди. Ҳафта якунларига кўра, 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 310,3 минг сўмни ташкил этди.
Кунгабоқар хомашёси асосан четдан импорт қилингани туфайли нархи қиммат. Нега ўзимизнинг чигитдан тайёрланадиган пахта ёғининг ҳам нархи баландлигича қолмоқда?
Ёғ нархлари бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси таҳлилий ўрганишлар олиб бормоқда. Тез кунларда хулосалар якунланганда вилоятимизда эҳтиёж, ишлаб чиқарувчилар ва асосийси, ёғ нархининг арзонлашганлиги ҳақидаги хабарлардан умидвор бўлиб қоламиз.
Ўктам Худойбердиев.